Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқлол даври ўзбек адабиёти таҳлил этилди
16:54 / 2025-11-24

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида “Истиқлол даври ўзбек адабиёти” мавзусида илмий-маърифий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда ёзувчи ва шоир, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Улуғбек Ҳамдам мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини батафсил баён этди.  

Эътироф этилганидек, “Истиқлол даври адабиёти” “Янги ўзбек адабиёти”нинг муҳим босқичларидан биридир. “Янги ўзбек адабиёти” жадидлар адабиёти билан бошланиб, унда Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий каби ижодкорлар етакчи ўрин тутади. “Совет адабиёти” “Янги адабиёт”нинг иккинчи босқичи бўлса, “Истиқлол даври адабиёти” унинг учинчи – муҳим босқичи саналади.  

Ватанимиз мустақилликка эришган давр 1991 йилдан бошланиб, то бугунги кун сўз санъатини ҳам қамраб олади. Мустақиллик даври адабиёти хилма-хиллиги, қамровининг кенглиги билан  аҳамиятли.  Унинг бош хусусияти – эркин бадиий тафаккур.  

Ўтган йиллар давомида устоз ёзувчи ва шоирлар самарали ижод қилиб, янги-янги бадиий баркамол асарлари билан истиқлол даври адабиётини бойитганлари эътиборга молик. Айни пайтда кейинги йилларда миллий адабиётимизда модернистик йўналиш жадал шаклланди. Бу эса тафаккурнинг янгиланиши, жамиятга модернистик кайфият, янгича нигоҳ, янгича ёндашувлар кириб келаётгани билан бевосита боғлиқ.  

–Адабиётда модернизм инсонни тафаккур этишга ундайди, – деди устоз адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам. – Китобхонга ўзгача кайфият беради. Зеро, ҳозирги китобхонлар биз билган дунёни янгича шаклда, ифодада кўришни истайди. Аслида ҳар қандай янгилик унутилган эскиликдир. Модернистик йўналишдаги барча жиҳатларни мазмунан Алишер Навоий шеъриятидан топиш мумкин. Мустақиллик йилларида хориждаги ўзбек адабиёти ҳам пайдо бўлди. Бу бобурий мотивдаги, яъни соғинч, ҳижронга йўғрилган адабиёт.  

Тадбирда истиқлол даври ўзбек адабиётининг ўзига хослиги, ривожланиш тамойиллари хусусида батафсил сўз юритилди.  

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири