ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун мамлакатимиз футбол жамоатчилигининг нигоҳи Суперлиганинг 29-тури доирасида бўлиб ўтадиган “Нефтчи” – “Қизилқум” учрашувига қаратилган. Учрашувда мезбонлар ғалаба қозонса, жорий йилги чемпион номи муддатидан олдин маълум бўлади.
– Стадионимиз чемпионлик ўйинига тайёр, - дейди Фарғонадаги “Истиқлол” стадиони директори Ҳокимжон Файзиев. – Тарихий ўйинга ташриф буюрадиган меҳмонлар, журналистлар ва албатта мухлислар учун барча шароитни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Аввало, ҳар доимгидек ўйингоҳимизнинг тозалигига катта эътибор қаратилган. Мутахассисларимиз томонидан майдон чими идеал ҳолатга келтирилди. Таъкидлаш керак, ўз бағрига 19 минг мухлисни сиғдира оладиган “Истиқлол” стадиони мутахассислар томонидан мамлакатимизнинг сифатли ўйингоҳлари қаторига киритилган.
[gallery-26444]
“Қизилқум”ни мағлуб этиб сўнгги тур натижасидан қатъий назар чемпион бўлиши кутилаётган “Нефтчи” ўз майдонидаги учрашувларда сафардаги ўйинларга нисбатан кўпроқ гол урган, кўпроқ ғалаба қозонган, кўпроқ очко йиққан. Бу кичик статистика ўйингоҳнинг ҳозирги ҳолати аъло даражада эканлигидан далолатдир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА