Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг хорижда мақсадли стажировкасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Истиқболли мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш таълим дастурлари учун номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу икки Низом вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари истиқболли мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан қисман ёки тўлиқ молиялаштириладиган ривожланган мамлакатлардаги етакчи университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Маълумот ўрнида, олдинроқ:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармонига мувофиқ истиқболли мутахассисларнинг хорижий университетлар, илмий марказлар, компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ:
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида муддати 6 ойгача бўлган қайта тайёрлаш дастурлари жорий этилиши;
давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш белгиланган эди.
ЎзА