Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқболли лойиҳалар аҳоли дастурхони тўкинчилигини таъминлайди
19:51 / 2024-10-16

Чорвачилик ва унинг тармоқларидаги истиқболли лойиҳалар гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришнинг ҳажмини кўпайтиришда, ишсизликнинг олдини олишда, аҳоли даромадини оширишда стратегик йўналиш ҳисобланади.

Негаки, яхши лойиҳа нафақат ташаббускорларнинг, балки лойиҳа амалга оширилаётган ҳудуд иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир қилади.  

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамиятини инобатга олиб, мутасаддиларга бир қатор соҳаларни янада рағбатлантириш вазифаси қўйилган эди.

Хусусан, агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ўша ишчига ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолиши қайд этилган. Тармоқлар ривожи бир-бирига боғлиқ. Бу каби имтиёз эса мамлакатда чорвачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, тўқимачилик каби тармоқларда жуда кўплаб камбағал аҳолини ишли қилиш мумкин.

Кейинги йилларда бошқа тармоқлар қатори чорвачиликка ҳам эътибор ортди. Натижа рақамларда яққол кўринади. Биргина шу йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоқларида амалга оширилган 241 миллиард 500 миллион сўмлик 215 та лойиҳа ҳисобига жон бошига гўшт истеъмолининг йиллик минимал талаби тўлиқ таъминланди. Бу ҳам ҳудудларда аҳоли дастурхони бутлигига хизмат қилади.

Шу пайтига қадар 153 минг тонна гўшт, 24 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилди.

– Қашқадарёда барча тоифа хўжаликларидаги 224 минг бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилиб, зоти яхшиланган 29 минг 600 бош бузоқ олинди, – дейди вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Эшматов. – Тармоқда фақат наслчиликка эътибор билан иш битмайди. Озуқа, ем-ҳашак масаласи ҳамиша долзарб бўлиб туриши лозим. Шуни инобатга олиб, вилоятдаги 92 та чорвачилик субъектида озуқа тайёрлашнинг гидропоника усули йўлга қўйилди. Масалан, Қамаши туманидаги биргина чорвачилик корхонасида 150 бош қорамол учун кунига 1 тонна яшил озуқа тайёрланмоқда.

Иш самараси изланишлар ва яратилган шароитлардан оқилона фойдаланишда яхши сезилади. Айтайлик, ҳудудда мавжуд бир юз йигирмадан ортиқ наслчилик хўжалиги томонидан йил бошидан бери 21 минг 200 бошдан ортиқ наслли қорамол тайёрланди. Улар харидорларга етказиб берилди. Четдан тўққиз минг бошдан ортиқ қорамол, ўттиз беш ярим минг бошдан ортиқ қўй-эчки олиб келинди.

Энг муҳими, тармоқда икки юзга яқин янги иш ўрни яратилди. Сутчилик ва бўрдоқичилик билан шуғулланаётган чорвадорлар даромади сезиларли даражада ошди.

Икром Аввалбоев, ЎзА