Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Навоий вилояти филиали, Ёшлар ишлари агентлиги, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида семинар ва учрашувлар ташкил этилди.
Уларда вилоятдаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари, магистрлар, илмий изланувчи ва мустақил тадқиқотчилари, профессор-ўқитувчилар, академик лицей, профессионал таълим муассасасалари битирувчилари, Президент, ихтисослаштирилган ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда давлат хизматчилари иштирок этди.
Семинар ва учрашувларда ёшларга дунёнинг ТОП етакчи университетлари бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш учун жамғарма томонидан эълон қилинган стипендия танловининг асосий талаблари, танлов учун ажратилган ўринлар ва йўналишлар хусусида маълумотлар берилиб, тақдимотлар қилинди.
– Мамлакатимизда иқтидорли ёшлар ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олиши ҳамда давлат хизматчиларини ўқитиш ва стажировкасини ташкил этиш орқали уларнинг касбий кўникмалари, билими ва тажрибасини янада ошириш стратегик аҳамият касб этмоқда, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги Навоий вилояти филиали бош инспектори Дилшод Қодиров. – Бугунги кунда биргина Навоий вилоятидан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 34 нафар стипендиатлари АҚШ, Буюк Британия, Италия, Австралия, Хитой, Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бўлса, 40 дан ортиқ малакали мутахассислар эса вазирлик ва идоралар, олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларида самарали фаолият юритмоқда.
Иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 5 май куни давлатимиз раҳбарининг “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
[gallery-25768]
Фармонга кўра, мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва бошқа йўналишларда жамғарма маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировка дастури амалга оширилмоқда.
Мақсадли стажировкани ўтаган мутахассислар ва ўқишни якунлаган стипендиатларнинг қайтганидан сўнг, хорижда олган илғор назарий билим ва тажрибаларини амалиётга жорий этиши ҳамда хизмат бўйича ўсишига зарур шароитлар яратиб боришга тегишли вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари ва бошқа иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари масъул ҳисобланади. Мазкур жараёнлар Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади ва мониторинг қилиб борилади.
– Бугунги учрашувларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъул ходимлари томонидан Президент фармонида белгиланган янги вазифалар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, очиқ стипендия танловлари ўтказиш тартиби ва номзодларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди, – дейди “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида Бауман номидаги Москва давлат техника университети аспирантура битирувчиси – Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети “Муҳандислик механикаси” кафедраси доценти Акбаржон Нормуродов. – Жамғарма ходимлари ва стипендиатлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар, маҳорат дарслари ва мотивацион учрашувлар ёшларга дунёнинг нуфузли олийгоҳларига йўл барча учун яшаш жойи, ижтимоий мавқеи ёки оиласининг даромад даражасидан қатъий назар очиқлигини кўрсатди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, 2018-2025 йилларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2 минг 300 нафарга яқин стипендиатлар 45 га яқин давлатга ўқишга юборилган. Ҳозиргача уларнинг 1 минг 400 нафарга яқини юртимизга қайтиб, иқтисодиёт тармоқларида, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқарувида ишламоқда. Бугунги кунда 700 нафарга яқин стипендиат “ТОП-300” таликдаги нуфузли университетларда таълим оляпти.
Учрашувларда номзодларга ҳужжат топшириш жараёнида янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Жамғарма томонидан онлайн платформа ишга туширилгани ва бошқа имкониятлар ҳақида зарур маълумотлар ҳамда тавсиялар берилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА