French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқболли ҳамкорлик
09:13 / 2025-06-11

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов “MESCA” хайрия жамғармаси аъзоси Никки Лейла Ҳафези хоним ҳамда “North Sixth Group” компаниясининг юридик ва тарғибот ишлари маслаҳатчиси доктор Симеоне Калсолаи билан учрашди.

“MESCA” хайрия жамғармаси  нодавлат ва нотижорат ташкилот бўлиб, тиббий ва клиник тадқиқотлар ва Марказий Осиё минтақаларида соғлиқни сақлашни ривожлантириш ва яхшилашга қаратилган кўплаб ташаббусларга ҳомийлик қилиб келмоқда.

Жамғарма Марказий Осиёда соғлиқни сақлашни яхшилаш мақсадида (айниқса, заиф қатламлар учун) илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлайди, билим ва амалий тажриба алмашишни тарғиб этади ҳамда замонавий технологиялар ва клиник тиббиётдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Жумладан, унинг ҳомийлигида жорий йилнинг 27–29-май кунлари Бухоро вилоятидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида тиббий кўрик ташкил этилди. Тадбир доирасида даун синдромига чалинган 180 нафарга яқин бола ва бошқа ногиронлиги бўлган 300 нафардан ортиқ болалар малакали мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилди.

“North Sixth Group” эса 2020 йилда Америкада ташкил этилган инновацион ва глобал сармоя компанияси бўлиб, спорт, медиа ва технология соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш орқали ўз фаолиятини амалга оширади. 

Доктор Симеоне Калсолаи мазкур компания бошқа лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга инвестиция киритишга ҳам тайёрлигини маълум қилди. Қайд этилганидек, компания технология ва инновация соҳаларида ҳам фаолият юритади, стартапларни қўллаб-қувватлаш, Дата-ас-а-Сервиcе (маълумотлар йиғиш, саралаш, таҳлил қилиш хизмати) хизматларини яратиш ва рақамли хизматларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Мулоқотда мазкур компания билан ҳам алоқаларни ривожлантириш истиқболлари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Ботир Зарипов Бухорода “North Sixth Group” компанияси сармояси асосида қишлоқ хўжалиги, жумладан, пилла, пахта ва мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш, сут, гўшт, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, чўл ҳудудларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, кичик қуёш ва шамол электр станцияларни қуриш, уй-жойлар қурилиши, заргарлик саноатини ривожлантириш, кичик саноат зоналарида микролойиҳаларни жойлаштириш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги каби қатор йўналишларда тенг манфаатли ҳамкорлик қилиш бўйича таклифларни илгари сурди.

 Учрашув якунида ҳамкорликнинг истиқболлари ва бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.