Фарғона вилояти делегациясининг Германия ва Австрияга ташрифи давомида умумий қиймати 238,9 миллион доллар бўлган 8 та инвестициявий ва экспорт шартномалари имзоланди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоятнинг йирик тадбиркорларидан иборат Фарғона вилояти делегацияси амалий ташриф билан Германия ва Австрияда бўлиб қайтди.

25-30 июль кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Германиянинг Франкфурт, Нюрнберг, шунингдек, Австриянинг Михельдорф шаҳарларида немис молия институтлари, тиббиёт, саноат ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ давлат идоралари ва компаниялар билан учрашув ҳамда музокаралар ўтказилди.

Музокаралар чоғида дунёдаги ҳозирги сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Германия тадбиркорлари ва молия институтлари Ўзбекистонни муҳим иқтисодий ҳамкор сифатида кўраётгани алоҳида таъкидланди.

Ташриф давомида жами 30 дан ортиқ компаниялар билан музокаралар бўлиб ўтди ва умумий қиймати 238,9 миллион долларлик 8 та, шу жумладан, 232 миллион долларлик 4 та инвестициявий, 6,9 миллион долларлик 3 та экспорт шартномаси, 1 та ҳамкорлик келишуви имзоланди.
М.Сулаймонов, ЎзА