Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров Хитой Халқ Республикасининг машинасозлик ва саноат ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган нуфузли корхоналаридан бири – Himile Mechanical Manufacturing компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар ўртасида саноат, машинасозлик ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, туман ҳудудида замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Himile Mechanical Manufacturing (Shandong) Co., Ltd. Хитой Халқ Республикасининг Шандонг провинцияси Гаоми иқтисодий ривожланиш ҳудудида жойлашган йирик саноат корхонасидир. Компания юқори аниқликдаги механик қисмлар, кимё саноати ускуналари, марказдан қочма ва тўлқинли компрессорлар, шунингдек, компрессор блоклари ва бошқа механик компонентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Учрашувда туманнинг қулай инвестициявий муҳити, саноат зоналари, логистика имкониятлари ҳамда тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар келгусида аниқ лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш, ўзаро ташрифларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.