Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни кескин ошириш — бугунги кун талабига айланган вазифалардан ҳисобланади. Боёвут туманида ҳам ана шу йўналишда янги қадамлар қўйилмоқда.
Шу мақсадда туман ҳокими Дилфуза Ўролова Мирзаобод туманида фаолият юритаётган хитойлик инвесторлар иштирокидаги “Сирдарё Жинго” МЧЖ вакиллари билан учрашув ўтказди. Суҳбатда пахта етиштиришда хитой тажрибасини жорий этиш, сув тежовчи томчилатиб суғориш тизимлари, юқори сифатли уруғчилик ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда шунингдек, янги лойиҳалар доирасида маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратиш, ёшларни агро соҳага жалб қилиш ва замонавий агротехнологияларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ташаббуслар нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки аҳоли даромадларини кўпайтириш ва қишлоқ жойларда турмуш даражасини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

– Бугунги учрашув икки томон учун ҳам самарали бўлди. Айниқса, таклиф этилган лойиҳалар орқали пахтадан олинадиган ҳосилни камида икки баробарга ошириш имконияти мавжуд. Бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшлар учун замонавий иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади. Хитойлик инвесторлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик туман қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз, – деди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Зафар Холиқбердиев.
Музокаралар якунида икки томон истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири