Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди
18:26 / 2024-06-06

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар қадим Бухоронинг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегиясини ифодалайди.

Хусусан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда “Бухоро тажрибаси”ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган тадбирда айни шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинди. 

Тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Бухоро вилояти секторлари раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, олий таълим муассасаларининг ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари қатнашди. 

Тадбирни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқарди. 

Таъкидланганидек, Президентимиз белгилаб берган соҳалар бўйича “Бухоро тажрибаси”ни яратишни амалда таъминлашда нафақат масъул раҳбарлар, балки барча бухороликлар бир ёқадан бош чиқариб фидойилик ва фаоллик кўрсатиши инсоний бурчдир. 

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Давлат бошқаруви академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан бугундан бошлаб камбағаллик даражаси юқори бўлган 13 та “маҳалла еттилиги” ўқитилмоқда. Шунингдек, Бош прокуратура академияси ва Ички ишлар вазирлиги академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан вилоятимизда жиноятчилик ошган “қизил тоифа”даги 41 та “маҳалла еттилиги”ни ўқитиш ҳам белгиланган. 

– Албатта, Президентимизнинг вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш юзасидан белгилаб берган устувор ва стратегик вазифаларининг ижросини таъминлаш кўп жиҳатдан ҳудудимиздаги 544 та маҳалланинг барчасини, керак бўлса, ҳар бир кўчадаги аҳолини, хонадон эгаларини ҳам ўқитишни талаб қилади, – деди вилоят раҳбари.

Бу борада белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси С.Ҳусенов, Қоракўл туманидаги “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Ражабова ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири