Истиқлол ва Ватанни тараннум этиш саодати
Фарғонада “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Фарғонада “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги истеъдодли ижодкорлар, хусусан, журналистлар, шоир ва ёзувчилар, кино ҳамда тасвирий санъат намояндалари, шунингдек, ёш иқтидор соҳиблари мамлакатимизда истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан муваффақиятлар, халқимизнинг тинч ва фаровон турмуши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари тараннум этилган ранг-баранг асарлари билан қатнашди. 700 дан зиёд сара асарлар ҳакамлар ҳайъатининг баҳосини олди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, вилоят ҳокими ўринбосари Д. Қосимова ва бошқалар мамлакатимизда адабиёт, маданият ҳамда санъат ривожига юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидладилар.
– Бугун улкан ислоҳотлар, янгиланишлар ҳар бир ижодкорни янада изланишларга, янги асарлар яратишга ундамоқда, – дейди танлов ғолиби, “Маънавият” газетаси мухбири Маҳиёра Бойбобоева. – Зеро, бизлар учун Ватан, истиқлол ҳамда тинчлик қадр-қимматини тараннум қилишдан катта бахт йўқ. Камтарона хизматларимизни юқори баҳолаб, янада илҳом бахш этиб келаётган мазкур тадбирлар эса бизни бундан-да фаолликка ундайди.
Совриндорлар ташкилотчиларнинг махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўнлаб ёш ижодкорлар эса рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.