Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқлол шукуҳи талабаларга ғурур бахш этар
15:27 / 2019-09-04

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини талабалар жўр овозда ижро этдилар.


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бош майдонида бугун эрта тонгдан жамул-жам бўлишган минглаб йигит-қизларнинг ҳаяжонлари чексиз. Она Ватанимизнинг Мустақиллик байрами бу йил талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшлар қалбида қанчалик ғурур бахш этаётганини оддий сўзлар билан ифода этиш қийин. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги байрамига бағишланган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида нишонланаётган байрам тадбири шундай кўтаринки руҳда бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини талабалар жўр овозда ижро этдилар.

Тантанали маросимда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари – Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Акмал Раҳмонов, академик Шавкат Алимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, ЎзМУ Таэквондо ва спорт фаолияти факультети 1-курс талабаси, Таэквондо WTF бўйича Осиё чемпиони Зуҳра Очилова, ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети 1-босқич талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Гулбону Қувватова барчани она Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этдилар.

photo5438385614690036588.jpg

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи халқимиз қалбида қанчалик ифтихор туйғуларини жўш урганини алоҳида таъкидлагим келади, – деди ЎзМУ ректори.– Бундан руҳланган профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимиз янги ўқув йили Миллий университетимизда – юксалиш даври бўлиши учун азму қарор қилмоқдалар.

Шундан сўнг ҳар бир факультетда бошланган “Мустақиллик дарслари”да бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар иштирок этишиб, буюк истиқлолимизнинг шонли йўли, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши ҳақида сўз юритдилар.

photo5438385614690036589.jpg

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз. Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар ҳаётимизда муҳим воқеликка айланмоқда.

Эртанги келажагимиз бўлмиш талаба-ёшлар келгусида ана шу улуғвор ишларнинг муносиб давомчилари бўлишларига умид қиламиз.

Машғулотлар давомида иқтидорли талабалар келгусида албатта ишончни оқлашга, муносиб кадр бўлиб камолга етиб, она Ватанимизга сидқи-дилдан хизмат қилишга тайёр эканликларини изҳор этдилар.

Маҳлиё МИРСОАТОВА,
Тўлқин ЭШБЕК