Истиқлол адиб ва шоирлар ижодида
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Ватан учун яшайлик!" республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Ватан учун яшайлик!" республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур ижодий ташкилотга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, маънавият тарғиботчилари, адабиёт фидойилари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги эътиборни ҳар бир ижодкор ўз фаолиятида яққол ҳис этаётганини таъкидлади.
Президентмизнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанада сўзлаган нутқида таъкидланганидек, бугун Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя барча ижодкор зиёлилар учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қутлуғ байрам арафасида мамлакатимизнинг бир гуруҳ ижодкорлари Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Эндиликда юртимиз ёзувчи ва шоирлари ижод аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик, иззат ва ҳурматни, эътирофни қалбан ҳис этган ҳолда янада кўпроқ масъулият билан фаолият олиб бормоқда. Зеро, улуғ мақсадлар, юксак марраларга фақат тинимсиз, оғир ва фидокорона меҳнат билан эришилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бу йилги байрам тантаналари “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли бўлди. Ёзувчилар уюшмаси томонидан юртимизнинг турли гўшаларида оддий одамлар, адабиёт мухлислари билан мулоқотлар, ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларда мамлакатимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларнинг моҳияти ҳаётий мисоллар воситасида содда ва самимий тарзда тушунтирилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, уюшма томонидан энг улуғ ва энг азиз айёмга бағишлаб "Ватан учун яшайлик!" анъанавий республика кўрик-танлови ўтказилди. Унга юртимиз ёзувчи ва шоирларининг истиқлолни, она Ўзбекистонни, меҳнатсевар халқимизни, тинч ва осойишта кунларимизни, юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларни тараннум этувчи кўплаб асарлари тақдим этилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринга шоир Омон Матжон “Эл бирла бўл” шеърий китоби учун муносиб топилди. Иккинчи ўринга Абдуқаюм Йўлдошев “Осмон оғуши” қиссалар ва ҳикоялар тўплами, Нодир Жонузоқ “Сўз” достони, Чоршаъм Рўзиев “Ошиқлик” ғазаллар тўплами учун муносиб топилди.
Учинчи ўрин Сағинбай Ибрагимовга қорақалпоқ тилидаги “Танланган асарлар” шеърий китоби, Қозоқбой Йўлдошга “Сўз ёлқини” ва “Очқичсўз” адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, Ўткир Раҳматга “Йиллар оралаб” шеърий тўплами учун берилди.
Шунингдек, бир қатор ёзувчи ва шоирларимиз тарихий, бадиий, шеърий асарлари учун рағбатлантирувчи мукофотга, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиқларига лойиқ топилдилар.
– "Эл бирла бўл" тўпламидан Ватанни, унинг мўътабар тупроғини, тарихимизни, улуғ аждодларимизни тараннум этувчи янги шеърлар ўрин олган, – деди шоир Омон Матжон. – Зеро, жонажон Ўзбекистонни, истиқлолни, жаҳон эътироф этган буюк алломаларимиз меросини, бетакрор тарихимизни куйлаш ҳар бир қаламкашнинг бурчидир.
– Ҳар бир ижодкорнинг халқ ичига кириб бориши учун йўллар кенг очилди, – деди шоир Ўткир Раҳмат. – Юртимизда эзгу ташаббуслар, ғоялар кўп. Мамлакат шиддат билан илгарилаб бормоқда. Халқимизнинг бунёдкорлиги, ижод аҳлига юксак эътибор ва ғамхўрлик, барча жабҳаларда кечаётган ижобий ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида қаддини янада кўтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар юрт равнақига, тараққиётига хизмат қилмоқда. Буларнинг бари ижодкорларни янада самарали фаолият кўрсатишга ундайди.
Тадбирда танлов ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Сўзга чиққанлар миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги эътибор учун самимий миннатдорлик билдирдилар.
Шу куни Тошкент вилоятининг сўлим Қибрай туманидаги "Дўрмон"ёзувчилар ижод уйида Ватанимиз мустақиллигиинг 28 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.