Истиқболли лойиҳалар – ютуқлар омили
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида саноат корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага илғор технологияларни кенг жалб этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида саноат корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага илғор технологияларни кенг жалб этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Буни Навоий шаҳридаги “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Кейинги йилларда корхонада амалга оширилган модернизация ишлари самарасида ишлаб чиқариш қуввати ошди. Ўтган йилнинг декабрь ойида корхонада қиймати 30 миллиард сўмлик 7- цемент тегирмони ишга туширилди. Бу қўшимча равишда йилига 350 минг тонна цемент тайёрлаш имконини берди. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида экспортбоп оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги тармоқда йилига 56 минг тонна қурилишбоп оҳак ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар корхона фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ зарур хомашё турларини ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, ярим тайёр маҳсулот – клинкер тайёрланувчи айланма печларни футеровкалашда ишлатиладиган шамотли ғиштлардан ташқари тампонаж портландцементи ишлаб чиқариш ҳамда цемент тайёрлашда муҳим хомашё саналган диабаз-пироксенит тоғ-кон жинсини қазиб олиш ўзлаштирилди.
Уч минг 500 дан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонада ўтган йили 3 миллион 450 минг тонна цемент ишлаб чиқарилди. Йиллик соф даромад қарийб 177 миллиард сўмни ташкил этди.
– Жорий йил бошида корхонада экспортбоп оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан 39 доимий иш ўрни яратилди, – дейди “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти раҳбарининг капитал қурилиш бўйича ўринбосари Мурод Исломов. – Замонавий технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда. Бунда корхонамизнинг ISO 9001-2008 халқаро сифат сертификатига эга экани ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу ерда ишчилар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, уларнинг меҳнат таътилини мазмунли ўтказишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Корхона тасарруфидаги соғломлаштириш санаторийси жамоа аъзоларига юқори даражада хизмат кўрсатмоқда. “Шаббода” ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишчи-хизматчилар фарзандлари ихтиёрида.
Бу йил корхона автопаркига “Нефаз”, “Howo” компанияси ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Исузу” русумидаги автобуслар келтирилди. Тайёр маҳсулот ва хомашё ташишга мўлжалланган “Howo” ҳамда “JV MAN Auto – Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилган “MAN” юк машиналари ишлаб чиқариш суръатини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда. Техникаларни ўз вақтида назоратдан ўтказиш, уларга намунали сервис хизмати кўрсатиш корхонанинг ўзида амалга оширилмоқда.
Боғдорчилик ва бошқа истиқболли тармоқларни муттасил ривожлантириб бориш ҳам доимий эътиборда. Нурота тумани ҳудудида жойлашган 100 гектарлик интенсив боғда 15 турдаги мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Навбаҳор туманидаги ёрдамчи хўжаликда 500 бошдан ортиқ қорамол ва қўй-қўзи парваришланмоқда. Бу корхона ишчиларини гўшт, сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашмоқда.
Булар корхонада меҳнат самарадорлигини, ишчи-ходимларнинг манфаатдорлигини ошириш, пировардида халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.