Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истиқболли лойиҳалар самараси
13:47 / 2017-02-10

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага ташқи инвестицияларни жалб этиш ва энергетика тизимини босқичма-босқич ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага ташқи инвестицияларни жалб этиш ва энергетика тизимини босқичма-босқич ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллик йилларида электр станцияларининг қуввати 1,9 миллион киловатт/соатга ошиб, ишлаб чиқариш ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридагига нисбатан қарийб 10 миллиард киловатт/соат кўпайди.

Талимаржон иссиқлик электр станциясида 800 мегаватт қувватга эга бўлган энергоблоклар ишга туширилди. Ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Сирдарё ва Талимаржон иссиқлик электр станцияларида детандер-генератор қурилмалари ўрнатилди.

2004 йилда Талимаржон ИЭСда қуввати 800 МВтли энергоблок ишга туширилиши мамлакатимиз энергетика тизимида мустақиллик йилларида амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири бўлди. Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ушбу иншоот юртимизнинг жанубий вилоятларини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Талимаржон иссиқлик электр станциясида журналистлар учун ташкил этилган медиа-турда бу алоҳида таъкидланди. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда журналистлар станцияда амалга оширилган ишлар билан танишди.

Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 14 июлдаги “Талимаржон ИЭСни ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш инвестицион лойиҳани амалга оширишдаги бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва 2013 йил 7 мартдаги қарорлари асосида 2016 йил август ойида биринчи, декабрь ойида иккинчи энергоблоклар ишга туширилди.

– Станциямизда иккита энергоблок ишга туширилиши йилига қўшимча 7,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бермоқда, – дейди Талимаржон иссиқлик электр станцияси унитар корхонаси директори Абдусами Нормўминов. – Бундай йирик лойиҳани амалга оширишда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIСА)нинг ҳам ҳиссаси катта. Мазкур агентликнинг 293 миллион 210 минг доллар миқдоридаги кредити эвазига Япониянинг "Mitsubihsi" компаниясида ишлаб чиқарилган соатига 314 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга иккита газ турбинаси ва "Fuji" компаниясида ишлаб чиқарилган соатига 157,7 МВт электр энергияси ишлаб чикариш қувватига эга буғ турбинаси ўрнатилди. Бу истеъмолчиларга йилига қарийб 13 миллиард киловатт/соат электр энергияси етказиб бериш имкониятини яратмоқда.

Замонавий технологияларга асосланган буғ-газ қурилмасининг тежамкорлик имкониятлари кенг. Масалан, электр станциясида 2004 йилда ишга туширилган 800 МВтли энергоблокда 1 КВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 315 грамм шартли ёнилғи (газ) сарфланса, янги буғ-газ қурилмаларида 1 КВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 219 грамм ёнилғи ишлатилади ёки 96 грамм табиий газ тежаб қолинади. Газ ва электр энергиясини узоқ масофага етказиш билан боғлиқ харажатлар ва йўқотишларни кескин камайтириш ҳисобидан олинган иқтисодий самара бугунги кунда юз миллиардлаб сўмни ташкил этмоқда. Қўшимча иккита блокнинг ишга туширилиши иқтисодий самарадорликни янада оширди.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.