Бугунги кунда юртимиз деҳқон бозорларида мўл-кўлчилик, маҳсулотлар тўкин-сочинлигини кўрамиз.
Пишиқчилик даврида бевосита даладан олиб келинаётган маҳсулотларнинг энг сарасини танлаб олганга нима етсин. Буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини янада зиёда бўлишига хизмат қилади. Хўш, бугун бозорларда харидор ва сотувчилар учун бирдай қулайлик яратилганми? Карантин ва санитария-гигиена талабларига риоя қилиняптими?
Бухоро вилоятидаги бозорларда тегишли масъул идоралар ҳамкорлигида ўтказилган махсус санитария тадбирларида шу саволларга жавоб изланди. Мақсад санитария-гигиена қоидаларига амал қилинишини таъминлаш, тегишли ветеринария ҳужжатларисиз гўшт, сут ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг олдини олиш ҳисобланади.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан бозорларда ўтказилган карантин тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар таҳлил қилинди.
Бугунги кунда вилоятда 24 бозор фаолият юритмоқда. Жумладан, Бухоро шаҳрида учта, Когон шаҳрида, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Қоровулбозор ва Бухоро туманларида биттадан деҳқон бозорлари, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Когон ва Бухоро туманларида биттадан ҳайвон (мол) бозорлари мавжуд.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ҳамда ветеринария ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида деҳқон бозорларида 510 марта, ҳайвон (мол) бозорларида 34 марта, бошқа савдо объектлари ва ярмаркаларда 159 марта профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилган.
Ўрганишлар давомида ветеринария, санитария-гигиена қоидалари ва нормаларини бузган фуқаролар аниқланган. Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Олиб борилган тадбирлар давомида жами 5365 кило истеъмолга яроқсиз гўшт, 2599 кило сут ва сут маҳсулотлари, 1908 кило балиқ, 3112 кило тузламалар, 4647 кило номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат ҳамда 2403 дона тухум каби маҳсулотларнинг истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган ва савдодан олиб қўйилган. Тегишли тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилган.
Карантин ва санитария қоидаларини тарғиб қилиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, савдо ходимлари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган. Бироқ, олиб борилаётган санитария-профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларига қарамасдан жойлардаги деҳқон бозорларининг санитария аҳволи, сотувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини турли жой ва шароитларда савдо қилиш, сотувчи ва харидорларга шароитлар яратиб бериш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланган.
Шунингдек, шаҳар-туманларда қассоблар томонидан уй шароитида турли хил касалликларга чалинган ҳайвонларни яширин равишда сўйиб, гўштини аҳоли истеъмоли учун сотишга бўлган уринишлар бўлаётгани ачинарли ҳолат.
Маълум бўлишича, Бухоро шаҳар Қизилқум кўчасида яшовчи фуқаро С.Б. исмли шахс яшаш манзилида қўлбола усулда ясалган музлатгич ичида жами 543 кило келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб гўшт маҳсулотини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган. Унинг истеъмолга яроқли эканлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текширувидан ўтказилганда ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган. Натижада “Сlaster Emir parranda”га қарашли ветеринария санитария чиқинди заводига топширилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 май куни Қоракўл тумани “Дарғали” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.А. га тегишли бўлган музлатгич ичидан жами 153 кило келиб чиқиши номаълум ҳайвонотга мансуб гўшт лаборатория хулосаси чиққанга қадар Қоракўл туманидаги “Шофиркон Гавҳари” МЧЖга тегишли бўлган музлатгичга жойлаштирилган. Текширувлар олиб борилганда лабораториянинг 2023 йил 1 июнь кунидаги хулосасига кўра, ушбу гўшт маҳсулоти ҳам истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йилнинг 22 май кунидан 3 июнь кунига қадар Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорларининг санитария ҳолати ўрганилиб қатор камчиликлар аниқланган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан шаҳар-туманлар ҳокимларига тақдимномалар киритилган.
Зариф Комилов, ЎзА