Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамиша долзарб бўлиб келган
22:06 / 2024-03-12

Бутун дунёда ҳар йили 15 март –  Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади.

Мамлакатимизда Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни 1996 йил 26 апрель – Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингандан бошлаб нишонланиб келинмоқда.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўрта Осиёда бундан 1400 йил муқаддам истеъмолчиликнинг асосий тамойиллари шаклланган  бўлиб, бугунги кунгача бу тамойиллар ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Булар нотўғри рекламалар бериш, маҳсулотларни қалбакилаштириш, тарозилар орқали тортишда ва ортиқча нархлар қўйишлар каби бир қанча тартиб-қоидаларнинг бузилиш ҳолатларининг олдини олишга  хизмат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри Ёшлар марказларида 15 март –Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан талаба ёшлар учун “Молиявий сектордан қизиқарли маълумотлар: мижозлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзуида ўқув семинарлари бўлиб ўтди.

Молиявий саводхонликка қаратилган мазкур тадбир Рақобат қўмитаси ва German Sparkassenstiftung ташкилоти ҳамда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўқув семинарларида German Sparkassenstiftung for International Cooperation Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Mathias Wangler Германияда Sparkassenstiftung банкининг 50 миллиондан ортиқ мижозга эга эканлиги, уларда 300 мингдан ортиқ ходим хизмат кўрсатиши, банкда кўрсатиладиган хизматлар ва уларнинг турлари, муаммолар юзага келган тақдирда истеъмолчилар қандай йўл тутишлари кераклиги ҳақида тўлиқ маълумотларни бериб ўтди.

Жумладан, Рақобат қўмитасига фуқаролардан 2023 йилда молиявий соҳада 900 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатлар банк хизматлари, шартнома масалалари, кредит, банк пластик карталари билан боғлиқ бўлиб, ўзининг ижобий ечимини топган. Шунингдек, Рақобат қўмитаси мунтазам равишда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида кўплаб ўқув семинарлари, кўрик-танловлар ташкил этиб келмоқда. Жорий йилда “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” онлайн олимпиадаси ўтказилди.

Ўқув семинарлар давомида банклар ва уларда кўрсатилаётган хизматларда истеъмолчи ҳуқуқлари, суғурта, кредит, омонат, шахсий молияни режалаштириш, шакллантириш ва бошқариш, пластик карта турлари ҳамда киберхавфсизлик каби долзарб масалалар ҳақида талаба ёшларга маълумотлар берилди.

Ўтказилган тадбирларда талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан тегишли жавобларни олишди.

Рақобат қўмитаси томонидан 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкиллаштирилган бундай тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Н.Раҳмонова, ЎзА.