Истеъмолчилик тамойили 1400 йил муқаддам шаклланган
Маълумки, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўрта Осиёда бундан 1400 йил муқаддам истеъмолчиликнинг асосий тамойиллари шаклланган бўлиб, бугунги кунгача бу тамойиллар ўзининг долзарблигини йўқотмаган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтининг шаклланиши ва ривожланиши тарихи” мавзуида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Қандай маҳсулотлар алмаштириб берилмайди, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчи кимга ва қандай мурожаат қилиши керак, телевидение ва радиоэшиттиришлар орқали берилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар вақтида рекламаларга қанча вақт ажратилиши ва бошқа шу каби қизиқарли саволларга талабалар тадбир давомида мутахассислардан тегишли жавобларни олишга муяссар бўлдилар.
Маълумки, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўрта Осиёда бундан 1400 йил муқаддам истеъмолчиликнинг асосий тамойиллари шаклланган бўлиб, бугунги кунгача бу тамойиллар ўзининг долзарблигини йўқотмаган.Булар нотўғри рекламалар бериш, маҳсулотларни қалбакилаштириш, тарозилар орқали тортишда ва ортиқча нархлар қўйишлар каби бир қанча тартиб-қоидаларнинг бузилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилган.
Талабалар ўртасида ўтказилган мазкур тадбирда агентлик директори Э.Ҳаитметов, иқтисод фанлари доктори, профессор А.Усманов ва агентлик мутахассиси Н.Бабажановалар томонидан Америка Қўшма Штатлари, Япония ва Германия каби давлатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар тарихи, ривожланиши, халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунини белгилашга асос солингани ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, тадбир давомида мамлакатимиз Конституцияси ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қабул қилинган Қонун ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор тартиб-қоидаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар ҳам бериб ўтилди.