Малайзия истеъмолчилар ассоциациялари федерацияси, Истеъмолчилар шикоятлари миллий маркази, Истеъмолчилар илмий-ресурс маркази ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур англашув тадбирида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромидин Гадоев ҳам иштирок этди.
Ушбу англашувдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, томонларнинг тегишли миллий қонунлари ва қоидаларига мувофиқ илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
Учрашувда томонлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунлар ва чора-тадбирлар бўйича тадқиқотларни йўлга қўйиш, фуқароларнинг тегишли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий тажриба алмашиш, халқаро оммавий тадбирларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича конференциялар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тажрибаларни қўллаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Келишув доирасида ахборот ва тадқиқот алмашиш, истеъмолчи ва трейдерга трансчегаравий операцияларда ўз низоларини ўзаро мақбул ҳал этишга ёрдам бериш, қўшма лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш, экспертлар ва делегациялар алмашинуви, учрашувлар, конференциялар, семинарлар ва симпозиумларни ташкил этиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди.
Бу ўз навбатида икки давлат ҳамкорлигида трансчегаравий мурожаатларни ҳам кўриб чиқишни англатади. Масалан, Малайзияга ўқиш, даволаниш ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистондан ташриф буюрган фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилган тақдирда Федерациянинг 1091 қисқа рақамли “Ишонч телефони” ёки расмий сайти орқали қолдирган мурожаатига асосан мутахассислар Малайзиядаги тегишли ҳамкорлар билан боғланган ҳолда вазиятни ўрганишади.
Ушбу меморандум икки давлат фуқароларининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тўлиқ ҳимояланишида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири