Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
12:38 / 2026-02-24

Рақобат қўмитаси томонидан фуқаролардан транспорт, савдо ва коммунал хизматлар соҳаларида келиб тушаётган мурожаатлар тизимли равишда ўрганилиб, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида автомобиль, маиший техника ҳамда коммунал хизматлар билан боғлиқ қатор мурожаатлар ижобий ҳал этилган. Жумладан, айрим ҳолатларда фуқаролар шартнома бекор қилинганига қарамасдан ўз маблағини қайтариб ололмаган бўлса, бошқа ҳудудларда нуқсонли автомобиллар ёки маиший техника алмаштирилмагани учун шикоятлар билдирилган.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида автомобиль хариди бўйича тузилган шартномалар бекор қилиниб, тўланган пул маблағлари фуқароларга тўлиқ қайтариб берилди. Шунингдек, кафолат доирасида носоз чиққан транспорт воситалари учун ҳам истеъмолчилар манфаати таъминланди. Айрим ҳолатларда UzAuto Motors томонидан нуқсонли автомобиллар учун тўланган маблағлар қайтарилишига эришилди.

Маиший техника хариди бўйича ҳам қатор муаммолар ҳал этилди. Музлаткич ва бошқа товарлар қисқа вақт ичида носоз ҳолатга келганига қарамасдан алмаштирилмаган ҳолатларда, ҳудудий бошқармалар аралашуви билан истеъмолчиларга тўланган пуллар тўлиқ қайтариб берилди. Айрим савдо дўконларида акция баҳонасида нархлар асоссиз оширилган ҳолатлар ҳам бартараф этилди.

Коммунал хизматлар соҳасида эса фуқароларга асоссиз ҳисобланган миллионлаб сўм қарздорликлар қайта кўриб чиқилди. Хусусан, газ таъминоти билан боғлиқ ҳолатда Hududgaz таъминотига нисбатан далолатномани бекор қилиш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.

Рақобат қўмитаси томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг молиявий манфаатлари ҳимоя қилиниб, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши таъминланмоқда. 

Нигора Раҳмонова, ЎзА