Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчиларнинг 19 905 та ёки 80.6 фоиз мурожаати ҳал этилган
18:55 / 2023-03-15

Инсон эҳтиёжи ҳар биримизни истеъмолчига айлантирган. Шу боис истеъмолчи ҳуқуқи ва манфаати ҳимояси бутун дунёда энг долзарб масала саналади. Бугун, 15 март – Жаҳон истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни.

Маълумотга кўра, 1962 йил 15 март куни АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жон Кеннеди Конгрессдаги маърузасида истеъмолчининг асосий ҳуқуқларини санаб ўтган. Яъни, инсонда танлаш, хавфсизлик, ахборот олиш, эшитилиш ҳуқуқи борлиги ва шу жиҳатлар ҳимоя остида бўлиши кераклигини айтиб ўтган. Кейинчалик, бу ҳуқуқлар қаторига зиённи қоплатиш, истеъмолчилик таълими, асосий эҳтиёжларнинг қондирилиши, соғлом атроф, табиий муҳитга эгалик ҳам киритилган. Ўшанда истеъмолчи ҳуқуқи илк бор шундай юксак мақомда муҳокама қилинган эди. Шундан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорига биноан, Жаҳон Истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни нишонлана бошлаган.

Ҳар йили мазкур сана доирасидаги тадбирлари Жаҳон истеъмолчилар уюшмалари ташкилоти томонидан тасдиқланган муайян мавзуга бағишланади. Жумладан, 2023 йил бу кун “Тоза энергия ва маҳсулотни истеъмол қилишга ўтиш орқали истеъмолчининг ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш” шиори остида ўтмоқда.

Қайд этилишича, мустақил нотижорат ташкилот – Жаҳон истеъмолчилар уюшмаларига 1961 йилда асос солинган. Тузилма 72 мамлакатдаги истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи 200 дан кўп жамоат ва давлат ташкилотини бирлаштиради ва бутун дунё бўйлаб истеъмолчи манфаатини ҳимоя қилади. Шу билан бирга ижтимоий истеъмолчилар ҳаракати ва умуман, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантиришга ёрдам беради. ЮНЕСКО, БМТ тузилмаларида ҳамда иқтисодий ва ижтимоий йўналишдаги бошқа қатор халқаро ташкилотларда ҳам истеъмолчи манфаати муҳофазага олинган.

Мамлакатимизда Жаҳон истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни 1996 йил 26 апрель – Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилингандан бошлаб нишонлаб келинмоқда.

Ушбу сана муносабати билан ҳар йили Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари томонидан ўқув семинарлари ташкил этилиб,  ўқувчи-ёшларга истеъмолчи ҳуқуқи ҳақида тушунча берилади. Энг кўп учрайдиган салбий ҳолатлари бўйича маълумот тақдим этилади. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдир.

Маълумот ўрнида айтиш керак, қўмита томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, мурожаатга асосан, 3 минг икки юздан зиёд истеъмолчига етказилган зарар – 60 миллиард 609 миллион 900 минг сўм маблағ қопланиб, қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида истеъмолчига қайтарилди.

– Ўтган йил истеъмолчилар томонидан ўз ҳуқуқи ва манфаати бузилиши ҳолати юзасидан қўмита ва ҳудудий  бошқармаларга жами 25 644  мурожаат киритилган, – дейди Қўмита Ахборот хизмати бошлиғи Олимжон Ҳасанов. – Мазкур мурожаатларнинг 19 905 таси ёки 80,6 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, 3 886 таси бўйича тегишли равишда тушунтириш берилган. Мурожаатларни ўрганиш асносида 83 960 нафар истеъмолчининг ҳуқуқи бузилгани, уларга 17.8 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилгани аниқланган.

Хусусан, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида ҳуқуқи бузилган истеъмолчиларга 5,3 миллиард сўм нақд пул кўринишида қайта ҳисоб-китоб қилиниши, шунингдек, 466 нафар истеъмолчига 2 миллиард сўм қийматга эга товар қайтариб берилиши таъминланган.

Товар (иш, хизмат) хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш мақсадида тасдиқланган режа-жадвал асосида мунтазам равишда чакана савдода товар назорат харидини ва экспертизасини ўтказиш йўлга қўйилган. Шунга кўра, жами 242 ном (50 тур)даги маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилди. Товарлар экспертизадан ўтказилиши натижасида 51 ном (12 тур)даги маҳсулот норматив-техник ҳужжат талабига жавоб бермаслиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига юборилган.

Тан олиш керак, истеъмолга яроқсиз, бирор камчилиги бор маҳсулот ёки хизматга дуч келсак, истеъмолчи маданияти етишмаслиги ёхуд бошқа қандайдир сабаб туфайли мутасадди ташкилотларга вақтида мурожаат қилмаймиз. Аслида, жамиятда истеъмол маданиятини юксалтириш, тўғри харид қобилиятини шакллантириш жуда долзарб масала. Агар истеъмолчи ҳуқуқи бузилиши ҳолати кузатилса, дарҳол 1159 рақамли ишонч телефони орқали қўмитага мурожаат қилиш зарур. Шунда соҳа мутахассислари жараённи батафсил ўрганиб чиқиши натижасида муайян нохушликлар олди олинади. Қолаверса, бозорларимиздаги маҳсулот ва хизмат сифати яхшиланади.

Гўзал Сатторова, ЎзА