Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якунига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида 1 миллион 546,4 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланди.
Бунинг натижасида 690,9 минг тонна автобензин, 532,8 минг тонна дизель ёнилғиси, 75,0 минг тонна авиакеросин ҳамда 94,1 минг тонна мазут ёқилғилари ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичлари 70,7 фоизни (режа 103,5 фоиз, ўтган йилга нисбатан 101,5 фоиз) ташкил этади.
Шу йилнинг I чорагида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда газойлни гидротозалаш қурилмасида катализаторни замонавий турига алмаштирилиши туфайли Евро-4,5 экологик тоифадаги дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида якунигача жами 58,2 минг тонна Евро-4,5 дизель ёнилғиси тайёрланди. Бундан ташқари, республика истеъмолчиларининг талабидан келиб чиққан ҳолда, октябрь ойида 2,3 минг тонна Евро-3 экологик тоифасидаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида республика истеъмолчиларига жами 820 минг тонна автобензин ва 616 минг тонна дизель ёнилғиси етказиб берилган.
Маълумот ўрнида, жойларда 154 минг тонна дизель ёнилғиси ва 73 минг тонна автобензин захиралари яратилган. Президентимизнинг 2020 йил 4 апрелдаги 4664-сонли қарори ижросида мамлакатимиз истеъмолчиларини нефть маҳсулотларига бўлган талабларини қондириш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ички тартиб ишлаб чиқилиб, нефть маҳсулотларининг Республика товар хомашё биржаси савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилди.
ЎзА