French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчиларга 4,9 миллион тонна маҳаллий кўмир етказиб берилади
16:31 / 2022-11-02

Қарор ва ижро

Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжумани “Ўзбеккўмир”  акциядорлик жамиятида 2022 йилнинг 9 ойлик иш фаолияти якунлари ва республика аҳолисини 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулоти билан таъминлаш масалаларига бағишланди.

Унда қайд этилишича, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 13,5 миллион метр куб  ҳажмида кон устини очиш ишлари амалга оширилиб, 3,7 миллион тонна кўмир қазиб олинган. Прогнозга нисбатан кўмир қазиш 9 ойлик режаси 100,4 фоизга  бажарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилган  ёқилғи ҳажми 3,8 миллион тоннани ташкил этган.  

Тадбирда “Ўзбеккўмир” АЖ бош геологи Эркин Жўраев ишлаб чиқариш амалдаги нархлари, маҳсулот сотишдан соф тушум ва ўсиш суратлари ҳақида маълумот берар экан, унда маҳаллийлаштириш дастури доирасида январь-сентябрь ойларида тоғ-кон ускуналарининг 5,2 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлари ва ер ости ускуналари ўзлаштирилгани ва бу режага нисбатан 105,2 фоиз тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 105,2 фоизни ташкил қилганига аҳамият қаратди.

– Жамиятда 2022 йилнинг якунига қадар кўмир қазиб чиқаришни  4,8 миллион тонна ёки прогнозга нисбатан 100,0 фоизга бажариш,  истеъмолчиларга эса 4,9 миллион тонна кўмир етказиб бериш кутилмоқда. Январь-сентябрь ойларида жамият томонидан етказиб берилган 3,8 миллион тонна кўмирнинг 2 873,2  тоннаси иқтисодиёт тармоқлари,  536,7 минг тоннаси бюджет ташкилотлари,  243,4 минг тоннаси аҳоли истеъмолчилари улушига тўғри келди. Тўққиз ой давомида, шунингдек, биржа савдолари орқали 161,5 минг тонна маҳсулот сотилди.  Республика бюджет ташкилотларига эса 518 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди, – деди Э. Жўраев.

Шунингдек, тадбирда жорий 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида республика аҳолисига  882 минг тонна маҳаллий кўмир ёқилғиси етказилиши, бу жараён  жорий йилнинг 15 сентябрдан бошланиб, 31 декабрда тугаллаш кўзда тутилгани ҳам таъкидланди.

Бугунги кунда “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 89 та ҳудудий кўмир омбори ва 12 та шохобча мавсумга тайёрланган. Аҳолига мўлжалланган маҳаллий кўмир ана шу омбор ва шохобчалар орқали ҳудудий МФЙлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар тасдиқлаган жадвал асосида тарқатилмоқда.

– Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида аҳоли истеъмолчиларини кўмир билан таъминлаш тадбирлари жадал олиб борилмоқда, – деди “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти мутахассиси  Муҳиддин Маматризаев. – Эътиборлиси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий кўмир нархи ўзгаришсиз қолдирилди, яъни 1 тонна маҳаллий кўмир нархи  300 300 сўмни ташкил этади. Маҳсулот 2-БЗР маркали бўлиб, фракцияси 0-300 мм дан 0-500 мм гача яхшиланди. Бу жараёнларда “Кўмир таъминот” МЧЖ томонидан 43 та “ISUSI” 11 та “MAN” русумли юк машиналари ҳамда 62 та автоюклагич аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА