French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчиларга 39 миллион 572 минг сўмдан зиёд маблағ қайтарилди
17:37 / 2022-05-17

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда.

– Жамиятимизга жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида 26 нафар истеъмолчи бевосита ва “Ишонч телефони” орқали ариза ва шикоят билан мурожаат қилди, – дейди  Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Улуғбек Эшматов. – Асосан, табиий газ ва электр энергияси  тўловлари, алоқа хизмати ҳамда савдо-харид масалалари бўйича қилинган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 39 миллион 572 минг сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.

Марҳамат тумани  Ал-Хоразмий кўчасида яшовчи Акмалжон Ғаффоров мурожаат қилиб, Андижон шаҳар, Бобур шоҳкўчасида жойлашган авиакассадан 1 миллион 520 минг сўмга “Фарғона - Москва” йўналиши бўйича авиачипта сотиб олганлиги, бироқ коронавирус хасталигига чалиниб қолганлиги сабабли учиб кета олмаганлиги, чипта ўз вақтида қайтариб топширилган бўлса-да, шу кунгача авиачиптанинг пулини қайтариб ололмаётганлиги, ушбу муаммони ҳал этишга ёрдам берилишини сўраган.

Ушбу мурожаат қонунлар доирасида ўрганилганида ҳақиқатдан ҳам истеъмолчи авиачипта учун тўлаган пулини асоссиз равишда ололмаётганлиги маълум бўлди. Жамият мутахассислари томонидан авиакасса ходимлари иштирокида қонун доирасида тушунтириш ишлари ўтказилганидан сўнг  фуқаро А.Ғаффоровга 1 миллион 520 минг сўм пул тўла қайтариб берилди, истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи тикланди.

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, фуқароларнинг истеъмол маданиятини ошириш, бу борадаги билим, тушунча ва саводхонлигини юксалтириш бўйича ҳам қатор тадбирлар, мулоқот ҳамда давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА