Бугунги кунда мамлакатимизда рақамлаштириш ва электрон ҳисоб-китобларни жорий қилиш орқали харид маданияти кескин ўзгармоқда. 2025 йил декабрь ойи ҳолатига кўра, истеъмолчилар 209,7 миллион чек учун 137,4 миллиард сўмдан ортиқ кэшбек олган.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг электрон чеклар орқали амалга оширган харидлари учун умумий 209,7 миллион чек ҳисобига 137,4 миллиард сўмдан ортиқ кэшбек тўлаб берилди.
Энг катта кэшбек тўловлари Тошкент шаҳрида 42,7 млрд. сўм, Фарғона вилоятида эса 21,8 млрд. сўмни, Тошкент вилоятида 15 млрд. сўм, Қорақалпоғистон Республикасида эса 10,3 млрд. сўм, Самарқанд вилоятида 8,4 млрд. сўмни ташкил этган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Кешбек тизими 2023 йил 1 майдан бошлаб жорий этилган бўлиб, ижтимоий кэшбек (12 фоиз ҚҚС қайтарилиши) “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри”га киритилган фуқароларга тегишли маълум товарлар ва хизматларни харид қилганда автоматик равишда ҳисобга олинади. Бу механизм фақат чекларни расмий рўйхатдан ўтказган харидлар учун амал қилади.
2025 йил давомида истеъмолчиларга умумий кэшбек тўловлари бир неча юз миллиард сўмни ташкил этди. Яъни январь ва август ойларида ҳам катта миқдорда пул қайтарилган. Масалан, 2025 йил январида 118,5 миллион чек учун 92,6 млрд. сўм кэшбек тўлангани маълум қилинди. Энг катта кэшбек суммаси Тошкент шаҳрига тўғри келган.
Умуман олганда, 2025 йилнинг аввалида мамлакат бўйлаб кэшбек пуллари жами 900 млрд. сўмга яқин ҳажмда тўлаб берилган.
Кэшбек тизими истеъмолчиларни расмий чеклар олишга рағбатлантиради ва фискал операцияларни ошкор қилади. Бунинг натижасида харид маданияти юзага келади. Пул оқими назорат қилинади. Ички савдо соҳасида электрон ҳисоб-китобларнинг долзарблиги ошади.
Ш.Маматуропова, ЎзА