АОКАда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Отабек Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда маълум қилишича, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя этилиши юзасидан жорий йилнинг 9 ойлиги давомида иқтисодий тармоқ соҳаларида ўрганишлар ўтазилган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилардан жами 80,1 миллиард сўмга яқин асоссиз даромадлар олингани аниқланди.
Қолаверса, юқоридаги қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари талабларини бузиш бўйича 700 га якин ҳолат аниқланган. 7 минг 500 га яқин фуқароларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниб, 35,3 миллиард сўм ортиқча даромад олингани аниқлан ҳолатлар юзасидан 3,8 миллиард сўм маблағ фуқаролар фойдасига қайтарилди. Қолган 31,5 миллиард сўмлик ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, энг кўп қонунбузилишлар 122 та ҳолатда Тошкент вилоятида, 68 та ҳолатда Тошкент шаҳрида, 57 та ҳолатда Наманган вилоятида аниқланган. Жиззах вилояти мисолида эса аниқланган 26 ҳолатлар юзасидан етти мингдан ортиқ истеъмолчига асоссиз ундирилган маблағлар қайтарилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши таъминланган.
Жумладан, Навоий вилоятида жойлашган “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарор билан тасдиқланган Низомнинг 36-банди талаблари бузилгани натижасида жами 9,2 миллиард сўм ортиқча олинган даромад аниқланган. Шунингдек, Тошкент вилояти “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан жами 1,4 миллиард сўм ортиқча даромад олингани аниқланган. Шунингдек, қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан юқоридаги каби таҳлилий ва соҳалар кесимида мониторинг ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Бундан ташқари, табиий монополия субъектлари сони 2023 йил 1 октябрь ҳолатига 134 та бўлиб, уларда 11 та хизмат турлари бўйича мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ушбу хўжалик юритувчи субъектларнинг 65 таси (48 фоиз) давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобланса, 69 таси (52 фоиз) хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА