Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар жамияти: аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда
11:00 / 2023-11-27

Фуқароларнинг манфаатларини таъминлаш, олди-сотди муносабатларда ҳуқуқларни тиклаш Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Наманган вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

Жумладан, Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро М.И. янги уй сотиб олиш учун “Дилмурод мега Файз” масъулияти чекланган жамият билан шартнома тузган ва 65 миллион сўм бошланғич тўловни амалга оширган.  Шартномада келишилган вақтда уй қуриб битказилмаганлиги сабабли, фуқаро тўланган маблағни қайтариб беришни талаб қилган, аммо мулкчилик субъекти пулларни қайтармаган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда судга даъво аризаси киритилди. Натижада, МЧЖдан фуқаро фойдасига 65 миллион сўм моддий зарар, давлат фойдасига 2 миллион 600 минг сўм давлат божи ундиришга эришилди.  

***  

Жамиятнинг Уйчи тумани бўлими томонидан эса тумандаги Ахси маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг уяли алоқа савдоси билан боғлиқ муаммосини ҳал этишга кўмаклашилди. Мурожаатга кўра, фуқаро туман марказида жойлашган “Ишонч” кредит савдо дўконидан муддатли тўлов асосида “Samsung А-51” телефонини харид қилган. Аммо ушбу мобил қурилма носозлиги сабабли, савдо дўкони ходимларидан телефонни сифатлисига алмаштириб беришларини сўраган. Дўкон ходимлари эса истеъмолчи талабларини рад этган.  

Ушбу ҳолат бўйича истеъмолчилар жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада, кредит савдо дўкони билан тузилган шартнома жамият аралашуви билан бекор қилинди.  

***  

Норин тумани Ўзбекистон маҳалласи, Улуғбек кўчасида яшовчи фуқаро Й.Ф. томонидан жамиятга йўлланган носоз тиббий ускунани янгисига алмаштириш билан боғлиқ мурожаати Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Норин тумани бўлими томонидан ижобий ҳал этилди.  

Мурожаат мазмунида келтирилишича, фуқаро Ҳаққулобод шаҳри марказида жойлашган дорихоналарнинг биридан 360 минг сўмга аппарат харид қилган. Бироқ мазкур тиббий ускунада нуқсон аниқланган. Жамият мутахассислари мурожаатни кўриб чиқишди ҳамда истеъмолчининг носоз аппарати янгисига алмаштириб берилди.  

***  

Наманган шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Чуст туманида яшовчи фуқаро Ф.И. томонидан дорихонада дори савдоси билан боғлиқ масалада мурожаат йўлланди. Унга кўра, фуқаро Наманган шаҳридаги “Дорихона+имзо мед” масъулияти чекланган жамиятга қарашли дорихонадан умумий қиймати 5 миллион 88 минг сўм дори-дармон воситаларини харид қилган. Аммо шифокор рецептига асосан дорилар рўйхати ўзгаргани сабабли, харид қилинган дори воситаларини рецепт бўйича алмаштириб олиш мақсадида дорихонага мурожаат қилган. Дорихона маъмуриятидан эса “Сотилган дорилар қайтариб олинмайди”, деган мазмунда жавоб олган.  

Жамият мутахассислари томонидан ҳолат бўйича ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб борилиши туфайли истеъмолчининг 5 миллион 88 минг сўмлик дори воситалари қайтариб олиниб, рецепт бўйича алмаштириб берилиши таъминланди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.