Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар ўртасида сувнинг аниқ ҳисоб-китоби юритилиши таъминланмоқда
15:44 / 2022-06-14

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қайд этилишича, жорий йилда сув тежайдиган технологияларни йирик сув узатиш ва сув чиқариш тармоқларининг бош қисмида “Бир канал – бир тизим” тамойили асосида 230 минг гектарда, шу жумладан, 160 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 28 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ҳамда 218 минг гектар экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилган. 

Ҳозирда жами 2 минг 866 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг 94 минг гектар майдонида, жумладан, 2 минг 391 та талабгорнинг 82,5 минг гектар майдонида – томчилатиб суғориш, 475 та талабгорнинг 11,5 минг гектар майдонида – ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 

Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш саноати кенгайиб, уларнинг сони 45 тага етказилди. Бу эса, бутловчи қисмларнинг таннархини хориждан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5-7 миллион сўмга арзонлаштириш имконини бермоқда. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида “Томчи-реестр” ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Бугунги кунда 200 дан ортиқ корхона ушбу платформага тегишли ҳужжатларни онлайн шаклда киритган. 

Шунингдек, субсидиялар бериш юзасидан тегишли материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишишнинг “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими жорий этилиб, амалиётга татбиқ этилди. 2022 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилган ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ушбу тизим орқали ажратилади. 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сув хўжалигининг махсус хизмати томонидан республика бўйича 3 миллион 409 минг гектар майдонга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунгача истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича 73 минг 349 та шартнома тузилган. Республика бўйича Сув хўжалигининг махсус хизматлари томонидан 303 миллиард 801 миллион сўмлик бизнес режалар ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йил 10 июнь ҳолатида истеъмолчиларга 57 миллиард 295 миллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Сув хўжалиги махсус хизматига 7 миллиард 254 миллион сўмлик маблағлар тўлаб берилган.  

2022 йил апрель-май ойлари давомида сув истеъмолчиларига қарийб 6 миллиард 268 миллион куб метр сув етказиб берилган бўлиб, етказиб берилган сув учун истеъмолчилар билан апрель ойида 73 минг 349 та, май ойида 71 минг 554 та далолатнома расмийлаштирилган. 

Бу эса ўз ўрнида 73 минг 349 та истеъмолчи олган сувнинг ҳисоб-китоби юритилаётганидан далолат беради ва йил якуни билан солиқ идораларига истеъмолчиларнинг қанча сув олганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар шаклланишига имконият яратилади. Шу билан бирга, жойлардаги махсус хизматлар билан сув истеъмолчилари ўртасида 68 минг 194 та кундалик ҳисоб журналлари юритилиши йўлга қўйилди.  

Истеъмолчилар ўртасида сувнинг аниқ ҳисоб-китоби юритилишини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар 24 минг 165 та истеъмолчининг сув олиш қулоқлари жиҳозланган. Бу ишлар бугунги кунда давом эттирилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА