English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар кўпроқ нимадан норози?
16:07 / 2022-08-10

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган даврида 2 миллиондан ошиқ истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаати бузилган. Истеъмолчиларга етказилган зарар миқдори 40 миллиард сўмни ташкил этади.

Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига шу вақтга қадар истеъмолчилардан 12 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 40 фоизи уй-жой коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига тўғри келса, 38 фоизи савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 16 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 6 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.

Агентлик мутахассислари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўрганиш жараёнида 2 миллион 240 мингга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги аниқланди. Бугунги кунга қадар Агентлик саъй-ҳаракати билан истеъмолчилар фойдасига 24,5 миллиарддан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Қолган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.

Яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган, мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларга эга бўлмаган сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олганликлари ҳақида истеъмолчилардан 1 минг 500 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Агентлик томонидан республикадаги 9 мингга яқин чакана савдо дўконларида турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари ва харидорларга сотиш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ўрганилди.

Натижада 1 минг 50 га яқин ҳолатда қуёш тиғида сақлаш, махсус жиҳозланмаган расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари сотилаётгани, тухум маҳсулотларининг қуёш тиғида сотилаётгани каби чакана савдо қоидалари талаблари бузилганлиги аниқланган.

Ачинарлиси, жазирама иссиқда савдо дўконларида музлатгичлар етишмаслиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шартларига риоя этилмагани уларнинг таркиби тез бузилишига ва сифатсиз ҳолда истеъмолчиларга реализация қилинишга, истеъмолчиларнинг соғлигига зарар келтиради.

Шунингдек, республикадаги 192 та деҳқон бозорларида ўрганиш жараёнида 51 минг савдо расталардан, 1 минг 474 тасида, яъни 2,8 фоизи тарозилар метрологик текширувдан ўтказилган. Қолган 49 минг 500 дан ортиқ расталарда тарозиларнинг сертификатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Бугунги кунда савдо йўналишидаги долзарб муаммолардан бири, электрон онлайн харидлардир. 2022 йил ўтган давр мобайнида агентликка электрон савдо бўйича 392 та мурожаатлар келиб тушган.

Таъкидлаш лозимки, 2022 йил ўзгартириш киритилган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ товарларни (ишларни, хизматларни) ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда сотувчи ва истеъмолчиларнинг мажбуриятлари, шартномани бекор қилиш шартларини олдиндан кўрсатиб ўтилиши, товарларни бут етказиб беришга сотувчи масъул эканлиги, сотувчининг шикоятларни қабул қилиш манзилини кўрсатилиши, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) асосий истеъмол хусусиятлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот бериш шартлиги, тўловни амалга ошириш ва уни қайтариш шартлари аниқ белгилаб берилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, агар истеъмолчилар, истеъмолчилик ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилса, агентликка 1159 қисқа рақами ҳамда сonsumer.uz веб-сайти орқали мурожаат қилиши мумкин.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА