Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Хоразм вилоят ҳудудий бирлашмаси масъул ходимларидан иборат делегация Тожикистон истеъмолчилар иттифоқининг расмий таклифига асосан Душанбе шаҳрига борди.
27-29 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлик гуруҳларининг йиғилиши, соҳа мутахассислари ва олимлар иштирокида мастер-класс, давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилади.
Тадбирларда Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, контрафакт товарларга қарши курашиш чоралари, фармацевтика маҳсулотлари ноқонуний айланишининг олдини олиш, қурилиш материаллари ва буюмлари савдосини техник жиҳатдан тартибга солиш ва давлатлараро стандартлаштиришнинг аҳамияти ҳақида фикрлашилмоқда.
Ўзбекистонлик вакиллар тожикистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишдан ташқари мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига ҳам эга бўлади.
А.Шокиров, ЎзА