Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда 1,5 миллиард сўмлик зарар қопланди
20:37 / 2025-11-27

Бу ҳақда Қашқадарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси маълум қилди.

Таъкидланишича, ўтган даврда вилоят бўйича истеъмолчилардан жами 1001 та мурожаат қабул қилингани маълум қилинди. Мурожаатлар таркибига эътибор қаратилса, уларнинг салмоқли қисми 851 таси оғзаки, 123 таси ёзма, 27 таси эса электрон шаклда йўлланган. Оғзаки мурожаатлар улушининг юқорилиги аҳолининг тезкор ечим излаётганини, электрон мурожаатлар улушининг пастлиги эса хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш зарурлигини англатади.

Соҳалар кесимидаги таҳлил шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг айни пайтда энг катта қисми савдо соҳасига тўғри келган – вилоят бўйича 205 та мурожаат айнан бозордаги сифат, кафолат ва адолатли ҳисоб-китоб масалалари билан боғлиқ. Газ таъминоти бўйича 170 та, электр таъминоти бўйича 99 та, сув таъминоти юзасидан 91 та мурожаат келиб тушган. Бу рақамлар коммунал хизматлар тизимидаги муаммолар истеъмолчиларни ҳануз ташвишга солаётганини кўрсатиб турибди. Шунингдек, коммунал хизматларнинг бошқа йўналишлари бўйича 141 та мурожаат қайд этилгани мазкур йўналишда изчил ислоҳотлар талаб этилаётганини билдирмоқда.

Мурожаатлар юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчилар манфаатларига етказилган 1 миллиард 501 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ҳисоблаб чиқилиб, улар фойдасига ундириб берилиши таъминланган. Бу кўрсаткич борган сари истеъмолчи ҳуқуқлари масалаларига тизимли ёндашув кучайиб, амалий натижалар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.

Шунингдек, ҳисобот даврида истеъмолчилар манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, ҳудудий бирлашма, Қарши шаҳар ва Косон тумани жамиятлари томонидан жами 11 та даъво аризаси судга киритилган. Бу аризаларда умумий ҳисобда бир неча юз миллион сўмлик зарар масалалари кўтарилган бўлиб, суд қарорлари асосида истеъмолчиларга етказилган 427 миллион 153 минг сўмдан ортиқ зарар қоплаб берилган.

9 ойлик якунлар шуни кўрсатмоқдаки, Қашқадарёда истеъмолчи ҳуқуқлари борасидаги фаолият самара бермоқда, аммо коммунал хизматлар ва савдо соҳасида ҳали ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўп. Мурожаатлар сонининг ортиб бориши аҳолининг ҳуқуқий онги ўсиб, ўз талаб ва манфаатларини ҳимоя қилишда янада фаоллашганини кўрсатади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири