Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида 2025 йилда амалга оширилган ишлар батафсил сарҳисоб қилинди.
Йиғилишда Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов маъруза қилиб, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида Федерацияга жами 14 834 та истеъмолчи мурожаати келиб тушган бўлиб, уларнинг 90,3 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига жами 85,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Федерация раиси ушбу кўрсаткичлар аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:
— Биз учун рақамлар оддий статистика эмас. Уларнинг ортида минглаб юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, давлатга ва адолатга бўлган ишончи мужассам. 85 миллиард сўм — халқимизнинг ҳамёнида қолган, оилалар бюджетига қайтарилган маблағдир. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади ва бизнинг асосий вазифамиз — истеъмолчи билан тадбиркор ўртасида адолатли кўприк бўлиш.
Жамоатчилик назорати доирасида олиб борилган ўрганишлар натижасида сув таъминоти ва чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари бўйича аҳолига ҳисобланган 48 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликлар бекор қилинган.
— Айниқса, коммунал соҳада кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов талаб қилиш ёки билинг тизимидаги хато ҳисоб-китоблар туфайли аҳолига асоссиз қарздорлик ёзиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Масалан, Андижон вилоятида сув таъминоти бўйича 27 миллиард сўмлик хатолик бартараф этилди. Бундай ҳолатлар тизимли ўрганилиб, истеъмолчилар асоссиз тўловлардан қатъий ҳимоя қилиниши шарт, — деди Ж.Саримсоқов.

Маълум қилинишича, 2025 йилда Федерация фаолияти халқаро майдонда ҳам фаоллашган. Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) билан ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши, халқаро конференция ва форумларда иштирок этиш орқали ташкилотнинг халқаро нуфузи ошган.
Шунингдек, истеъмолчи ва тадбиркор ўртасидаги низоларни судгача ҳал этиш амалиёти — медиация институтини ривожлантириш янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Бугун низоларни суд орқали ҳал қилишдан кўра, ўзаро келишув ва медиация маданиятини шакллантиришга устувор аҳамият беряпмиз. Бу вақт ва маблағни тежаш билан бирга, жамиятда муроса маданиятини юксалтираётгани қайт этилди.
Йиғилиш якунида Федерация тизимида «ходимбай» иш услубига тўлиқ ўтиш, ҳар бир мурожаат бўйича масъул ходимнинг шахсий жавобгарлигини белгилаш режалаштирилгани маълум қилинди.
Федерация ва унинг қуйи тузилмалари томонидан истеъмолчилардан тушган 193 та (1,4 фоиз) мурожаат юзасидан судга даъво аризалари киритилган.

Ушбу даъволар вилоятлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
Бухоро вилояти — 22 та (1 807 993 391 сўм);
Жиззах вилояти — 44 та (159 900 000 сўм);
Навоий вилояти — 2 та (14 395 360 сўм);
Наманган вилояти — 13 та (111 110 384 сўм);
Самарқанд вилояти — 7 та (6 357 707 360 сўм);
Сирдарё вилояти — 14 та (96 906 794 сўм);
Сурхондарё вилояти — 11 та (1 205 477 435 сўм);
Тошкент вилояти — 16 та (560 039 689 сўм);
Фарғона вилояти — 23 та (433 804 379 сўм);
Хоразм вилояти — 3 та (9 177 932 000 сўм);
Қашқадарё вилояти — 18 та (469 950 021 сўм);
Тошкент шаҳри — 12 та (1 258 564 120 сўм);
Федерация марказий аппарати — 8 та (98 000 000 сўм).
Шунингдек, республика бўйлаб қурилаётган 68 та «Истеъмолчилар уйи» мажмуаларини яқин вақт ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилгани қайд этилди.
ЎзА