Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар
14:45 / 2023-03-15

15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни

Ҳар йили 15 март санасида бутун дунёда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни кенг нишонланади. Мазкур сана жаҳоннинг 130 дан зиёд давлатида 1983 йилдан бери у ёки бу шаклда байрам қилинади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам бир неча йиллардан бери сана билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.  

Бу кун дастлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1983 йил таъсис этилган бўлиб, 1985 йил 9 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципларини қонунан мустаҳкамлаб қўйган.  

Айтиш жоизки, Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунининг тарихий илдизи АҚШ Президенти Жон Кеннедининг 1962 йил 15 март куни мамлакат Конгрессида сўзлаган нутқига бориб тақалади. Ўша куни Жон Кеннеди дунё бўйича илк маротаба “истеъмолчи ҳуқуқлари” иборасини юксак даражада қўллаган эди. Унинг нутқида истеъмолчиларнинг тўртта устувор ҳуқуқлари кўрсатиб берилган. Булар:  

– ахборот олиш ҳуқуқи;  

–хавфсизлик ҳуқуқи;  

–танлов ҳуқуқи;   

–эшитилиш ҳуқуқи.   

Кейинчалик бу устувор ҳуқуқлар дунёнинг аксарият давлатлари, хусусан, мамлакатимизда ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асосини ташкил қилди.   

Яна кун тарихига қайтадиган бўлсак, 1960 йили дунёда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган нодавлат ташкилот – Халқаро истеъмолчилар уюшмаси (Consumers International) тузилган. Олтмиш йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатаётган бу ташкилотга бугун дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 200 ортиқ жамоат ва давлат тузилмалари аъзо ҳисобланади. Уюшма тамойиллари эса қуйидагилардан иборатдир:   

–ахборот олиш ҳуқуқи;  

–хавфсизлик ҳуқуқи;  

–танлов ҳуқуқи;  

–эшитилиш ҳуқуқи;  

–зарарларнинг қопланиши ҳуқуқи;  

–соғлом атроф табиий муҳитга эгалик ҳуқуқи;  

–истеъмолчилик маданияти ҳуқуқи;  

–бирламчи эҳтиёжларни қондириш ҳуқуқи.  

Мазкур уюшма истеъмолчилар ҳуқуқларини ЮНЕСКО ва БМТ даражасида ҳимоя қилади, фуқароларга истеъмолчилик соҳаси бўйича таълим беради ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.   

Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам иқтисодий фаолиятда Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиши кафолатланган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид яхлит қонун 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган.   

Замон ривожланиши сари янги иш, хизмат ва товарларнинг янги турлари пайдо бўлиши билан истеъмолчиларнинг турли соҳаларда ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва қонунчиликни мос равишда такомиллаштириб боришни тақазо этади.   

Шу асосда, миллий қонунчилигимиз халққа хизмат қиладиган ҳолда йилдан-йилга мукаммаллаштириб борилди. 

Хусусан, ўтган йилда қонунга истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг янгича механизмлари, шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари ва умуман, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида етказилиши ва шартномага истеъмолчининг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритишга йўл қўйилмаслиги каби талаблар киритилди.   

Шунингдек, товарларни ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва олдини олиш мақсадида ушбу муносабатларни тартибга солувчи талаблар алоҳида янги модда сифатида қонунда мустаҳкамлаб берилди.   

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги

фармони билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тузилди.  

Фармон билан унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Хусусан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалий ижросини таъминлаш, истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш унинг энг принципиал вазифалари этиб белгиланди.  

Қолаверса, ўтган давр мобайнида агентлик томонидан истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ҳамда нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар қилинди.  

Аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида турли мавзуларда жами 4 минг 286 та материал ва ҳуқуқий ахборотлар берилди.  

Ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимдонликни кучайтириш, уларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолликларини янада ошириш мақсадида республика миқёсида ўқувчилар ўртасида “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” билимлар танлови онлайн олимпиадаси ўтказилди. Жойларда 30 мингга яқин истеъмолчилар, шу жумладан ёшлар иштирокида 541 та турли тадбирлар ташкил қилинди.   

Истеъмолчиларнинг уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар, реклама муносабатлари ва бошқа масалалардаги 25 минг 644 та мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларнинг 81 фоизи истеъмолчилар фойдасига қаноатлантирилиши таъминланган. Биргина, истеъмолчиларга нуқсонли товарлар сотилиши бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида 15 минг 645 та маҳсулотда жами 4,5 миллиард сўмлик нуқсонлар аниқланган. Шундан, 675 та маҳсулотдаги 1,7 миллиард сўмлик нуқсонлар сотувчи томонидан бартараф этилган ва 3,8 миллиард сўмлик жами 14 минг 970 та нуқсонли маҳсулотлар сотувчи томонидан алмаштириб берилган.  

Истеъмолчиларнинг номуайян доирадаги ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган ўрганишларга асосан, жами 3 миллион 259 минг нафар истеъмолчига 75 миллиард 600,6 миллион сўм зарар етказилгани аниқланиб, 2 миллион 133 минг  нафар аҳолининг қонуний ҳуқуқи тикланган.  

Ички бозорларда сифатсиз ва норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлардан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида чакана савдо объектларида 242 номдаги (50 турдаги) маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилган, 51 номдаги (12 турдаги) маҳсулотлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган ва тегишли чоралар кўрилган.  

Рекламаларнинг жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича ўтказилган 66 минг 303 та мониторингнинг 19 минг 425 тасида турли камчиликлар аниқланиб, уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.  

Ўтган давр мобайнида кенг қамровли ишлар амалга оширилган бўлсада, бу соҳанинг мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатидаги ҳамда халқимиз турмуш даражасидаги аҳамиятини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига айлантирилди.  

Бу ўз навбатида қўмитага катта ишонч ва масъулиятни юклаши билан бирга, олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан, оғишмай бажаришга замин бўлади, албатта.  

Ўтказилган ўрганишлар ва истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жуда кўп ишларни амалга оширишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Жумладан, онлайн харидлардаги маҳсулотларнинг сифати билан боғлиқ масалалар, молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларга нотўғри маълумот бериш, тушунарсиз таклиф ва оферталардан фойдаланиш орқали зарар етказиш, маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича талабларга амал қилинмагани, реклама истеъмолчиларини чалғитиш ҳамда бошқа шу каби муаммо ва ечимини топишимиз лозим бўлган масалалар мавжуд.   

Севара ТЎЛАГАНОВА,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш қўмитаси Ахборот хизмати масъул ходими

ЎзА