English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бозорлардаги яроқсиз маҳсулотларни аниқлади
12:09 / 2022-07-22

Юртимиздаги бозорлар, йирик савдо марказлари, супермаркет ва дўконлардаги турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини кўрганда кўзимиз қувнайди. Аммо уларни сақлаш шароитлари ва харидорларга сотиш жараёни хавфсизлик талабларига мос келадими?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ўрганиш натижалари бозордаги маҳсулотларнинг ҳар доим ҳам талабга жавоб бермаслигини тасдиқлади. 

Хусусан, агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан республикадаги тўққиз мингга яқин дўкон, киоска, ларёк ва павильонлар ва бошқа савдо объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Шунга кўра,  1 минг 33 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидалари” талаблари бузилганлиги аниқланган. Шундан 764 та ҳолатда озиқ-оқат маҳсулотларини қуёш тиғида сақлаш фактлари аниқланди.  Аслида озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди. 

Шунингдек, махсус жиҳозланмаган 50 та савдо расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари сотилаётгани  маълум бўлди. Савдо қоидаларига асосан гўшт, сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади.  

45 та ҳолатда эса тухум маҳсулотлари сақлаш меъёрларига амал қилинмаган юқори ҳароратда, қуёш тиғида сотилаётганлиги кўзга ташланган.  Ачинарлиси, савдо дўконлари пештахталарида 58 та ҳолатда ювиш воситалари, нон, ун ва бошқа ун маҳсулотлари ёнма-ён жойлаштирилган,  3 та ҳолатда музлатгичлар етишмаслиги, 10 та ҳолатда вазнлаб сотиладиган маҳсулотлар очиқ ҳолатда расталарда сотувга қўйилган. 

Тартиб-қоидага асосан янги резавор мевалар усти енгил газлама (масалан, дока ва ҳоказолар) билан ёпилиши керак. 103 та ҳолатда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тартибсиз жойлаштирилганлиги аниқланди. 

Иссиқ ҳавода озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим роль ўйнайди. Зеро, бузилган озиқ-овқат, айниқса, болалар ва қарияларда қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин. 

Сотувчи техник регламент ёки стандарт талабларига мувофиқ, товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан зарур шарт-шароитларни, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт. 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан аниқланган барча қонунбузарликлар бўйича тадбиркорлик субъектларига камчиликларни бартараф этиш, келгусида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари ва яроқлилик муддатининг жиддий бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кўрсатмалар берилди. 


Гулноза Бобоева, ЎзА