French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
10:26 / 2026-02-27

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Р.М Навоий шаҳрида жойлашган савдо мажмуаларининг биридан 1 миллион сўмга сотиб олган кийими яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги юзасидан савдо дўкони раҳбарига қилган мурожаати эътиборсиз қолдирилган.

Шундан сўнг у Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларидан амалий ёрдам сўраган.

Жамият ходимлари мурожаатни ўрганиш жараёнида савдо дўкони раҳбариятига амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда истеъмолчининг ҳуқуқларини атрофлича тушунтирди.

Натижада фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилиб, яроқсиз кийим учун тўланган 1 миллион сўм пул маблағи тўлиқ қайтариб берилди.

Яна бир ҳолатда эса техник носоз бўлган телефон муаммоси ҳам жамият ходимлари аралашувидан сўнг ижобий ҳал этилди.  

Гап шундаки, Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Г.Х. “Гулобод” савдо дўконидан 6,5 миллион сўмга iPhone 11 Pro русумли мобил телефон харид қилади. Бироқ қисқа муддат ичида қурилмада техник носозликлар аниқланади.

Харидорнинг маълум қилишича, телефон ишлаш жараёнида ўчиб қолиш, қувватни тез йўқотиш ҳамда сенсор қисмида секин ишлаш ҳолатлари кузатилган. Мазкур муаммолар туфайли фуқаро дўкон сотувчисига мурожаат қилиб, маҳсулотни алмаштиришни сўраган.

Мутахассислар томонидан ўтказилган дастлабки кўрикда қурилманинг техник нуқсони борлиги тасдиқланган. Аммо сотувчи телефонни алмаштириб беришни хоҳламайди.

Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари аралашувидан сўнг истеъмолчига маҳсулот учун тўланган маблағ қайтариб берилди.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири