Истеъмолчилар фойдасига 135 миллион сўм қайта ҳисобланди
Фуқаро мурожаати ўрганилиб “SAMSUNG” сервис маркази томонидан қисқа муддатда музлатгич тегишли тартибда бепул таъмирлаб берилди.
Навоий вилояти Хатирчи тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини “Олмазор” кўчаси, 256-уйда яшовчи фуқаро Лазизжон Муқимов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, “SAMSUNG” русумли музлатгични носоз ҳолга келиб қолганлиги боис таъмирлаш учун “SAMSUNG” сервис марказига мурожаат қилганлиги, аммо мурожаати эътиборсиз қолдирилганидан норозилигини билдириб ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраган.
Фуқаро мурожаати ўрганилиб “SAMSUNG” сервис маркази томонидан қисқа муддатда музлатгич тегишли тартибда бепул таъмирлаб берилди.
Шунингдек, Навоий шаҳар жамияти томонидан Навоий шаҳар, Навоий кўчаси, 46-уй, 49-хонадонда яшовчи фуқаро С.Ботировнинг “ГУЛОБОД” савдо мажмуаси ҳудудида жойлашган савдо дўконидан 300 минг сўмга сотиб олган қўл телефони носоз ҳолга келиб қолгани юзасидан қилган мурожаати ўрганилди. Натижада истеъмолчининг носоз қўл телефони учун тўлаган 300 минг сўм пули қайтарилди
Бугунги кунда истеъмолчиларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларини ҳамда юзага келаётган муаммоларини ўз вақтида ижобий ҳал этишда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудлардаги жамиятларининг алоҳида ўрни бор.
– Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида истеъмолчилардан тушган 137 та мурожаат бирлашма ва унинг туман (шаҳар) жамиятлари томонидан тегишли тартибда ўрганилди, – дейди Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Бахтиёр Ташев. – Натижада истеъмолчилар фойдасига қарийиб 135 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Умуман олганда қилаётган ҳар бир саъй-ҳаракатимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклашга қаратилган.