Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчига нега 1,9 миллион сўмлик асоссиз қарздорлик ҳисобланди?
17:01 / 2021-09-23

Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан истеъмолчига асоссиз қарздорлик ҳисобланиши учраб туради. Ҳуқуқини билган киши бундай ҳолатда асоссиз қарздорликни бартараф этишга эришади. Ҳуқуқини билмаган эса...

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Х.А.га  “Тошкент сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Қибрай тумани бўлими томонидан 1,9 миллион сўм қарздорлиги борлиги ҳақида хабар келган.  

Хизмат ҳақини ўз вақтида тўлаб борувчи истеъмолчи бу қарздорликнинг асоссиз эканини яхши билгани учун ўз ҳуқуқини тиклаш учун Адлия вазирлигига мурожаат қилди.  

Ўрганиш жараёнида фуқаронинг хонадонига ўрнатилган сув ҳисоблагич бўйича фуқаро Х.А. фойдаланилаётган ичимлик суви учун ортиғи билан пул тўлагани маълум бўлди. “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Қибрай тумани бўлими томонидан эса истеъмолчига ҳисобланган қарздорлик асоссизлиги аниқланди.  

Кўрилган чоралар натижасида истеъмолчига ҳисобланган 1,9 миллион сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик олиб ташланди. Бу ҳолат юзасидан ўз ишига совуққонлик билан қараган уч нафар масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.  

Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун уларнинг  мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳал этилмоқда.  

Бу борада адлия органлари ҳам ўз фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак”, деган тамойилга амал қилмоқда.  

Жойлардаги ҳудудий адлия идоралари ҳам шу тарзда иш юритиб, одамларнинг мушкулини осон қилмоқда. Жумладан, “Иброҳим агро фрут” масъулияти чекланган жамияти ишчиси, Чуст туманида яшовчи фуқаро Қ.Абдуқаюмов “Агробанк” Чуст филиали томонидан фуқароларга етказиб берилган қорамоллар учун тўланиши лозим бўлган пул маблағлари жамият ҳисобрақамига тушириб берилмаётганидан норози бўлиб, Наманган вилояти адлия бошқармасига мурожаат қилган.  

Мурожаат асосида киритилган тақдимномага асосан 6 нафар фуқаро учун 179 миллион 432 минг сўм кредит маблағи ажратилиб, жамият ҳисобрақамига ўтказиб берилган.  

Фуқароларнинг тўғридан-тўғри қилган мурожаатлари билан бир қаторда маҳаллаларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда ҳам одамларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, ҳал этилмоқда. Шундай тадбирлардан бирида  Тошлоқ тумани адлия бўлимига иш ҳақини ололмаётган фуқаро мурожаат қилган. Бўлим томонидан мурожаат ўрганиб чиқилганда фуқаро И.Султановга “Яккатут МТП” акциядорлик жамиятида ишлаган даври учун жами 4,2 миллион сўм ойлик иш ҳақи тўланмагани аниқланди.  

Адлия бўлими акциядорлик жамиятига тақдимнома киритгач, фуқарога иш ҳақи тўлаб берилди.  

Адлия идораларининг одамларни рози қилишга қаратилган бу каби хайрли ишлари давом эттирилади.  

 

Норгул Абдураимова, ЎзА