Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчига ҳисобланган 197 миллион сўмлик пеня бекор қилинди
10:16 / 2026-02-26

Коммунал ва молиявий тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, техник хато сабаб юзага келаётган асоссиз қарздорликлар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари доимий эътибор марказида турибди. Ана шундай ҳолатлардан бири Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида адолатли ечим топди.

Мурожаатда қайд этилишича, Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Г.Қ. 2021 йилда “Қишлоқ қурилиш банки”нинг Яккабоғ тумани филиалидан бино сотиб олиш мақсадида 700 миллион сўм миқдорида кредит олган. Бироқ 2024-2025 йиллар учун 197 миллион сўм пеня ва фоизлар нотўғри ҳисобланган.

Фуқаро асоссиз қарздорликни бартараф этиш мақсадида банк раҳбариятига мурожаат қилганига қарамасдан, турли баҳоналар билан муаммо ҳал этилмаган. Шундан сўнг норози бўлган истеъмолчи туман даражасидаги мутасадди ташкилотга амалий ёрдам сўраб мурожаат этган.

Мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Яккабоғ тумани бўлими мутахассислари томонидан қонунчилик асосида ўрганиб чиқилди. Текширув натижасида фуқаронинг тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 197 миллион сўм миқдоридаги пеня ва фоизлар асоссиз экани аниқланди ҳамда бекор қилинди.

Жамият вакилларининг таъкидлашича, асосий мақсад – ҳар бир фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва молиявий маданиятини янада оширишдан иборат.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири