Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчига етказилган моддий зарар қопланди
15:55 / 2022-10-28

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Х.Абдуллаеванинг хонадони учун сотиб олиниб, усталар ёрдамида хонадон томига ўрнатилган шиферлардан айримларини орадан маълум вақт ўтгач, ёрила бошлаганлиги юзасидан шикояти ўрганилди.

Шикоят муаллифига кўра, улар томонидан «Қувасой хризотил шифер» корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дона шифернинг ҳар бирини 40 минг сўмдан, жами 12 млн. сўмга сотиб олинган. Шиферлар томга ўрнатилгач, орадан маълум вақт ўтиб, хонадон эгалари шиферларда ёриқлар пайдо бўла бошлаганлигини сезиб қолган ҳамда бу ҳақда ўз эътирозлари билан корхона масъулларига мурожаат қилишган.

Корхонадан ташриф буюрган мутахассислар 70 та шиферда нуқсон кузатилганлиги (ёрилишлар мавжудлиги) ҳолати юзасидан далолатнома тузиб, корхона нуқсонли маҳсулотларни алмаштириб беришини тушунтириб кетган. Лекин алмаштириш ишлари кечикавергач, истеъмолчи бу ҳақда Федерация тизими ташкилотларига мурожаат қилган.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш вақтида нуқсонлар жами 100 та шиферда кузатилганлиги қайд қилинди. Корхона вакили иштирокида ўтказилган ўрганиш давомида олиб борилган қайта ҳисоб-китоблар натижасида корхона томонидан истеъмолчига нуқсонли 100 та шифер маҳсулотлари учун 4 млн. сўм, уларни томга ўрнатиш ишларига сарфланган 2 млн. уста ҳақи, жами 6 млн. сўм моддий зарар суммаси қоплаб берилди.

Азаматжон Бобоев,

Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси