Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмолчи товарнинг хавфсиз бўлишига талаб қўйиш ҳуқуқига эга
17:41 / 2023-10-30

Ҳуқуқий муносабат

Харид қилаётган маҳсулотларимизни сотиб олаётганда уларга оид баъзи қоидаларга риоя қилсак ўз ҳуқуқимиз ва саломатлигимизни асраган бўламиз. Хўш, маҳсулот сотиб олишда у ҳақидаги қайси маълумотларни текшириш лозим? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.  

– Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, “Ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бунда мазкур маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки товарларнинг айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши мумкин.  

Товар ҳақидаги маълумотлар: товарнинг номи, товар мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи, товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари, ўзига хос хусусиятлари рўйхати, нархи ва сотиб олиш шартлари, ишлаб чиқарувчининг кафиллик мажбуриятлари, товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари, товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ҳамда ишлаб чиқарувчининг тўлиқ номи ва жойлашган жойи ҳисобланади.  

Товар тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин. Товар ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товарни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.  

– Маҳсулот учун пулни исталган шаклда тўлаш мумкинми?  

– “Товарлар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Товарларни кредитга сотиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.  

Товарлар учун ҳақ тўлаш нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин. Сотувчининг ҳақ тўлаш шаклига қараб товарнинг айни бир маркаси, шунингдек, бир хил ҳажмдаги ва сифатдаги ишлар, хизматлар учун ҳар хил нархлар белгилаши, уларни сунъий равишда ошириши ёки пасайтириши тақиқланади. Товарлар учун нақд пулсиз шаклда ҳақ тўланганда, истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкин.  

– Харид чеки сотувчи ва харидор ўртасида нима вазифани ўтайди?  

– Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади. Харид чеки сотувчи ва харидор ўртасида тузилган шартномадир.  

Шунингдек, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.  

Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик учун қонунчиликка мувофиқ, ишлаб чиқарувчи, норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган, мувофиқлик сертификати берган орган, соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли товарни ишлаб чиқариш ёхуд реализация қилишга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади. Ишлаб чиқарувчи товарнинг хизмат муддати ёки яроқлилик муддати мобайнида, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, товар истеъмолчига сотилгандан эътиборан ўн йил мобайнида унинг хавфсиз бўлишини таъминлаши шарт.  

– Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилган тақдирда қайси ташкилотга мурожаат қилиши лозим?  

– Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайди.  

Сотувчи билан шартномавий муносабатларда истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга.  

– Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?  

– Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунга кўра, ишлаб чиқарувчининг мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт эканлиги қонунчиликда белгиланган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек истеъмолчиларга товарлар тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, товарларни мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик, норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар туфайли истеъмолчиларга зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.  

Маъмурий жазо чораси қўллангани ишлаб чиқарувчилар йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф қилиш мажбуриятидан озод этмайди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА