Истеъмолчи талаби ва замонавий маҳсулотлар
Ҳаётимизда ҳар куни турли воситалардан фойдаланамиз. Санитария-гигиеник буюмлар, уйда шинам шароит яратишга хизмат қиладиган ҳар хил воситалар шулар жумласидан. Бугун турмушимизни бундай маҳсулотларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Ҳаётимизда ҳар куни турли воситалардан фойдаланамиз. Санитария-гигиеник буюмлар, уйда шинам шароит яратишга хизмат қиладиган ҳар хил воситалар шулар жумласидан. Бугун турмушимизни бундай маҳсулотларсиз тасаввур этиб бўлмайди.Айни пайтда йирик супермаркетлар, дўконлар ва ҳатто кичик савдо расталари турли санитария-гигиеник буюмлар ва маиший кимё воситалари билан тўла. Таклиф этилаётган маҳсулотлар хилма-хиллигидан кўз қувнайди ва улар сифат жиҳатидан бир-биридан асло қолишмайди. Бу эса уларнинг нархи ва сифати нисбати хусусида фикр юритишга ундайди. Мазкур маҳсулотларнинг катта қисми мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётгани қувонарлидир. Бу ишлаб чиқарувчиларимиз бозорда ўз мавқеини ошириб бораётганидан далолат беради.
Пойтахтимиздаги йирик савдо марказларидан бирида кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган кенг турдаги маҳсулотларни кўриб, хаёлимда болалик хотираларим жонланди. Оилада кенжа фарзанд бўлганим боис мени нон, совун ёки кир ювиш кукуни олиб келиш учун дўконга тез-тез юборишарди. Ўша пайтлари расталарнинг ярми бўш, товарлар турли-туман қутиларга тартибсиз қалаштириб ташланган бўларди.
Яқин ўтмишга назар ташлар эканмиз, бугунги ҳаётимизнинг фаровон ва тўкин-сочинлигидан кўнгил ғурурга тўлади. Масалан, бир дўконнинг ўзида 25 турдаги атир совуни, 20 турдаги кир ювиш кукуни, ўндан ортиқ турдаги қоғоз салфетка ва сочиқ, санитария-гигиена қоғози ва косметика салфеткалари, йигирмадан зиёд турдаги идиш-товоқ, ойна, пол ювиш воситалари, 15 хилдан ортиқ гигиена воситаларини санаб чиқдим. Бир сўз билан айтганда, инсон ўз саломатлигини назорат қилиши ва уйини саранжом-саришта тутиши учун ҳамма нарса муҳайё.
Пойтахтимиздаги супермаркетлардан бирининг сотувчиси Мадина Рўзибоеванинг сўзларига кўра, санитария-гигиена буюмлари ва маиший кимё воситаларига талаб юқори. Шуниси эътиборлики, илгари мамлакатимиз аҳолиси асосан четдан келтирилган товарларни харид қилган бўлса, бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маъқул кўрмоқда. Юртимизда тайёрланаётган маҳсулотлар сифат жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди, нархи ҳам арзон. Бу маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминламоқда.
Санитария-гигиена ва маиший-кимё воситалари асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётганини таъкидлаш жоиз. Бу бежиз эмас. Негаки мустақиллик йилларида мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида жорий йилнинг биринчи чорагида 15,2 мингта янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 28,9 фоиздан 31,4 фоизга, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги улуш эса 76,8 фоиздан 77,2 фоизга ўсди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юқори сифатли ва рақобатбардош ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турини кенгайтириш, ички бозорни шундай маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ маҳаллий санитария-гигиена ва маиший кимё воситалари ишлаб чиқарувчилар солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 29 январдаги “Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида”ги қарори маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилаётир. Ушбу ҳужжат корхоналаримиз томонидан ички ва ташқи бозорда рақобатбардош истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.
Юқори сифатли хомашёдан “Elma” ва “S’G lux” бренди остида болалар ва катталар учун қоғоз сочиқ, салфеткалар ва бошқа гигиена воситалари ишлаб чиқарадиган “Sangio Papermill” хусусий корхонаси, “Zak-Qog`oz” ва “International Рaper” масъулияти чекланган жамиятлари давлатимиз томонидан тақдим этилаётган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Бугунги кунда ушбу корхоналар маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудига тарқатилмоқда.
“Sangio Papermill” хусусий корхонаси директори ўринбосари Қаҳрамон Набиевнинг таъкидлашича, корхонага ўрнатилган замонавий технология ва асбоб-ускуналар юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, гигиена воситалари бозорида янги товарлар таклифини кенгайтириш ва келажакка ишонч билан қараш имконини бераётир. Мамлакатимиз аҳолисининг қоғоз маҳсулотлардан фойдаланиш эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётгани боис корхона ишлаб чиқариш ҳажмини ва маҳсулот турларини кенгайтириб, нархларни аҳоли учун қулай даражада сақламоқда.
“National Investments” инновацион компанияси аҳоли ҳаётини янада қулай ва хавфсиз қилишга ҳаракат қилмоқда. Компания санитария-гигиена воситалари яратишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширмоқда. Айни пайтда компания “Dewell”, “Purex Cosmetics” ва “SANMED” савдо белгилари остида оёқ ва қўлларга мўлжалланган антисептик гель ва лосьон-спрейлар, суюқ антибактериал совун, душ гели, дезинфекция ва ювиш воситалари, нам салфеткалар ишлаб чиқармоқда.
– Мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг санитария-гигиена ва косметология соҳасидаги етакчи илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, санитария-гигиеник воситалар ишлаб чиқарадиган машҳур компаниялар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – дейди “National Investments” масъулияти чекланган жамияти маркетинг бўлими бошлиғи Юлия Микерова. – Янги технологиялар ва халқаро сифат стандартларининг жорий этилиши саломатлик учун хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда.
Мустақиллик йилларида маиший-кимё товарлари ишлаб чиқарадиган корхоналар кўпайди ва бунинг натижасида кир ювиш кукунлари бозори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Бугун аҳолига элликка яқин маҳаллий ва импорт кир ювиш кукуни тақдим этилмоқда.
Ҳозирги кунда дўконларда кўпинча “Зелёний чай”, “Якс”, “Кристал”, “Березовая роша” каби кир ювиш кукунларини кўриш мумкин. Мазкур маҳсулотлар аҳоли томонидан фаол харид қилинмоқда. Энг муҳими, бу маҳсулотлар юртимизда ишлаб чиқарилаётир.
“Asian Diamond Classic” компанияси синтетик ювиш воситалари ишлаб чиқарадиган корхоналар сирасига киради. Компания фаолияти турли маркадаги кир ювиш кукунлари ва тозалаш воситалари ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Мисол учун, “Bio Time” кир ювиш кукуни кирни қўл ва машинада, “Diamond” кукуни қўлда ювиш учун мўлжалланган. “Novel” кукуни эса пахта, зиғир ва аралаш толали матолардан тайёрланган кийим-кечакларни ювишга мўлжалланган. Компания томонидан ишлаб чиқарилаётган тозалаш воситалари касаллик қўзғатувчи микробларни йўқ қилади ва улар пайдо бўлишининг олдини олади, буюмларни тозалайди ва дезинфекция қилади.
Мамлакатимизда маиший кимё маҳсулотлари ва санитария-гигиена воситалари ишлаб чиқарадиган корхоналар сафи кенгайиб бормоқда. «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибида бир неча корхона, жумладан, «Navoiy Human Pulp» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Корхонада маҳсулотлар тури мунтазам кенгайтирилиб, хотин-қизлар ва болалар учун юқори сифатли гигиеник воситалар ишлаб чиқарилмоқда. Олимларимизнинг инновацион ишланмаларидан фойдаланилган ҳолда тайёрланаётган бу маҳсулотлар инсон саломатлиги учун хавфсиздир.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибида ҳам гигиена воситалари ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Болалар учун маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “MTEGRA” масъулияти чекланган жамияти, тиббий пахта ва гигиена буюмлари тайёрлайдиган “Чашма” масъулияти чекланган жамияти, кундалик ва тиббий эҳтиёжлар учун дока ишлаб чиқараётган “Les quates de Bukhara” қўшма корхонаси шулар жумласидандир.