Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Фарҳод Ғуломов ўзининг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўраб Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаатда келтирилишича, у 2023 йилнинг 29 май куни “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш мақсадида “Umid Avto companies” МЧЖ билан шартнома имзолаган. Тўловнинг бир қисмини, яъни 31 миллион 119 минг сўм миқдоридаги маблағни тўлаган. Шартномага кўра, 120 иш кунида, яъни 2023 йилнинг 30 октябригача фуқарога автомашина етказиб берилиши керак эди.
Аммо хизмат кўрсатувчи томонидан шартнома шартлари мутлақо бажарилмаган. Белгиланган муддатда ҳам ва ундан кейин ҳам фуқарога автомашина етказиб берилмаган. Унинг бу ҳақида МЧЖ раҳбариятига қилган мурожаатлари ҳам эътиборсиз қолдирилган.
Шундан сўнг фуқаро Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида жамият мутахассислари томонидан МЧЖ раҳбарига истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳамда хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари тўғрисидаги амалдаги қонунчилик меъёрлари, талаблари тўғрисида тушунтириш берилган. Аммо натижа бўлмагач, фуқаронинг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилди.
2024 йилнинг 5 июнь куни Тошкент шаҳар Учтепа туман суди ушбу иш бўйича ўзининг ҳал қилув қарорини чиқарди. Унга кўра, даъвогар Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг даъво аризаси қаноатлантирилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар “Umid Avto companies” МЧЖдан истеъмолчи Ф.Ғуломов фойдасига автомашина учун тўланган 31 миллион 119 минг сўм миқдоридаги маблағ, давлат фойдасига эса 1 миллион 244 минг 760 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири