Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Истеъмолчи бурчаги” ундан ким кўпроқ манфаатдор?
16:46 / 2019-08-29

Албатта, қонун ҳужжатлари билан “Истеъмолчи бурчаги” қандай шаклда бўлиши керак, унда нималар ўз аксини топиши лозим ва бошқа шу каби аниқ-тиниқ кўрсатмалар берилмаган.


Албатта, қонун ҳужжатлари билан “Истеъмолчи бурчаги” қандай шаклда бўлиши керак, унда нималар ўз аксини топиши лозим ва бошқа шу каби аниқ-тиниқ кўрсатмалар берилмаган. Шундай бўлса-да қонунлар ва қонуности ҳужжатлари талаблари, тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, “Истеъмолчи бурчаги” қандай бўлиши керак, саволига жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Бундан ким кўпроқ манфаатдор - истеъмолчими ёки мулкдор?

Ушбу мақола билан истеъмолчига эмас, кўпроқ сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) га мурожаат қилишни ният қилдик. Зеро, сотувчи сиймосидаги мулкдорнинг фаолиятини эмин-эркин, қонун-қоидалар талаблари асосида олиб боришидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.

“Истеъмолчи бурчаги” истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга ўрнатилган бўлиши керак. Савдо дўконида ўрнатилган ушбу маълумот ойнаси савдо растасининг ортида, харидор етиб бора олмайдиган жойга ўрнатилган бўлса, бундан нима мантиқ ва маъно? Шунингдек, маълумотлар ойнасига ўта майда, оддий кўз билан ўқиб бўлмайдиган ёзувлар қўйилган бўлса, бундан кимга нима наф? Демак, унинг ўрнатилган жойига ҳар бир истеъмолчи (харидор, мижоз) эркин ўтиб бора олиши ва бемалол таниша олиши керак.

“Истеъмолчи бурчаги”да нималар жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ?

Авваламбор, ўзингизни таништиришдан бошлашни унутманг. Агар фаолиятингиз лицензияланиши шарт бўлган фаолият турига киритилган бўлса, лицензиянгиз нусхасини қўйинг. “Таклиф ва шикоятлар дафтари”, ёнғин вақтида эвакуация режаси ва хавфсизлик қоидалари, хизматлар прейскуранти, истеъмолчилар лозим бўлган ҳолларда қайси идораларга шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар (тегишли идораларнинг телефонлари), агар мазкур корхона хизматларидан фойдаланишда кимлардир имтиёзга эга бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар, қўйинг-ки, истеъмолчи бурчагига шуларни ихчам, содда ва қулай тарзда жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, маълумотлар ойнасида қонун ҳужжатларидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” ҳам бўлиши ҳамма учун манфаатли.

Албатта, хизмат кўрсатиш турли хилда бўлгани сабабли, истеъмолчи бурчагини маълумотлар билан тўлдириш ҳам бир-биридан фарқ қилиши табиий. Айтайлик, савдо дўкони ва сартарошхона ўзларининг “Истеъмолчи бурчаги”га бир-биридан фарқ қиладиган маълумотларни жойлаштирадилар.

Ўзингизга қарашли корхона, ташкилотда “Истеъмолчи бурчаги”нинг бўлиши Сизнинг мижозларга яхши муносабатингизни, эътиборли эканингизни, харидор (мижоз)ни қадрлашингизни, шунингдек, Сизнинг шаффоф ишлашингизни, мижозлардан яширадиган нарсангиз йўқлигини ҳам билдиради. Мижоз (харидор)лар эса буни, албатта, илғаб оладилар.

Бурчакдаги маълумотларни янгилаб туришни ҳам унутмаслик керак. Сабаби, ҳозирги кенг қамровли ислоҳотлар даврида қонунлар ва қонуности ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, ҳаттоки айрим қонунларимизнинг тўлиқ янги таҳрирда қабул қилинаётганини ҳам назардан қочирманг. Балки киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сизга кўпроқ эркинлик берган бўлиши ёки аксинча, қўшимча мажбуриятлар юклаб, масъулиятингизни оширган бўлиши мумкин. Бундан эса, ўз-ўзидан, биринчи навбатда, сиз манфаатдорсиз.

Шу ерда битта мисол келтириб ўтайлик. Сиз мебель маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўкондорсиз. Қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади, деб кўрсатиб ўтилган.

Демак, харидор ноозиқ-овқат товар унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида, агар бундан узоқроқ муддат сотувчи томонидан эълон қилинмаган бўлса, сотиб олинган товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги бошқа товарга харид қилинган жойда ва сотувчи томонидан эълон қилинган бошқа жойларда нархида тафовут бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китоб қилган ҳолда алмаштиришга ҳақлидир. Айтайлик, мен туфли сотиб олдим. Уйга келгач, менга туфлининг қайсидир истеъмол хоссаси (мисол учун, ранги) ёқмай қолди. Гарчи туфли барча талабларга жавоб берса-да, яъни менга лойиқ, сифатли бўлгани ҳолда, мен уни 10 кун ичида алмаштириб олиш ҳуқуқига эгаман.

Бироқ истеъмолчининг бу ҳуқуқини барча товарлар учун ҳам татбиқ қилиб бўлмайди. Бу ерда Сиз — мебель сотувчи учун муҳим бўлган нарса қонуннинг иккинчи қисмидаги алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати деган тушунчалардир. Сабаби “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига кўра, мебель маҳсулотлари “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилган.

Харидор зарур сифатдаги мебель маҳсулотини, қайсидир истеъмол хоссалари ёқмагани боисидан (айтайлик, мебелнинг ранги қуда томонга маъқул келмагани сабабидан) унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида товарни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги шундай товарга ёки бошқа товарга алмаштириб ололмайди. Албатта, агар сиз шартнома тузиш пайтида шундай ҳолатларда ҳам алмаштириб беришни ваъда қилган бўлсангиз, бу истисно сифатида қаралади ва алмаштириб беришингизга тўғри келади ёки мебелда нуқсонлар бўлса, бу ерда истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириб олиш бўйича қонуний ҳуқуқи вужудга келади.

Яна бир ҳолат, истеъмолчига сотилган диванда нуқсонлар аниқланиб, уни таъмирлатиб бериш учун 5 кун вақтингиз кетса, истеъмолчига уйда фойдаланиб туриши учун худди шундай диван бериб туришингиз, уни ўзингиз элтиб ҳам беришингиз керак. Лекин қоидаларнинг 2-иловасида “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модел, артикул) даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати” тасдиқланган бўлиб, мебель маҳсулотлари мазкур рўйхатга киритилгандир.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, дўконингизда эътибор билан ташкилланган “Истеъмолчи бурчаги” бўлишидан ва унда қоидаларнинг 1- ва 2-иловаларини аниқ-тиниқ қилиб жойлаштирилишидан, биринчи навбатда, Сиз манфаатдорсиз.

“Истеъмолчи бурчаги” — муаммоли ҳолатларда Сизга ёрдамчи.

Айтайлик, истеъмолчи “қонуннинг мана шу моддасида бундай дейилган, бу ерда мен ҳақман, сиз эса ноҳақсиз”, деб туриб олди. Шунда маълумотлар ойнасига жойлаштирилган қонун Сизга ёрдамга келади. Қонун китобини қўлга олиб, ўша моддани истеъмолчи билан биргаликда кўздан кечирдингиз, қарангки, ушбу ҳолатда Сиз ҳақ экансиз. Истеъмолчи ҳам қонун бўйича ушбу ҳолатда ноҳақлигини кўргач, бироз ҳовуридан тушар, мен қонундан ҳам устунман, деб туриб олмас, ахир.

Мазкур бурчакка жойлаштирилган “Таклиф ва шикоятлар дафтари” мулкдор мулкининг ҳимоячиси. Нега дерсиз? Қанчалик уринманг, қўл остингизда ишловчи барча ходимларни тўлиқ назорат қила олмайсиз. Шундоқ ҳам Сизнинг бундан ташқари қиладиган ишларингиз кўп. Лекин сотувчилар харидорларга қўпол муносабатда бўлиши, уларни алдаши, охир-оқибат билиб-билмаган ҳолда харидорларни Сизнинг дўконингиздан бездириши ҳам мумкин. Лекин “Таклиф ва шикоятлар дафтари”ни юритишга эътибор қаратсангиз, унга истеъмолчилар томонидан ёзилган танбеҳлардан тўғри хулоса чиқариб борсангиз, айбдорларга чоралар кўриб борсангиз-чи? Бу билан бир қанча кўнгилсизликларнинг олди олинади, тўғрими?

Яна бир гап. Истеъмолчи (харидор, мижоз) қайсидир идораларга мурожаат қилиб, Сизга ортиқча бошоғриқ келтирганидан кўра, шу жойнинг мулкдори, хўжайини — Сизга мурожаат қилгани, муаммони ўзингиз ҳал қилганингиз яхши эмасми?

Бу Сизнинг имижингизни янада ошириб, харидорларнинг Сизга нисбатан янада ишончи ортишига ва уларни кўпайтиришга ҳам ҳисса қўшади. Бир мижоз ўнлаб янги мижозларни етаклаб келишидан умидвормисиз? Унда шу бир мижоз юзлаб мижозларингизни олиб кетиб қолиши мумкинлигини ҳам унутманг.

Истеъмолчи арзимаган битта товарни алмаштириб берилмаётганидан шикоят қилиб, юқори идораларга мурожаат қилса, қайсидир бир назорат қилувчи идорада эса Сизни ёқтирмайдиган, тирноқ остидан кир қидириб юрган одам ўтирган бўлса-чи? Ундан кўра, истеъмолчи тарафида туринг, вазиятни ўз қўлингизга олиб, назоратингиз остида ушланг. Сиз ҳал қилинг!

Ҳурматли мулкдор, корхонангизга келиб, бирор ҳолат юзасидан шикоятини билдирган ва охир-оқибат ўзининг ҳақлигини исботлай олмай (майли, ўша ҳолатда у ноҳақ бўлган бўлсаям), ютқазган мижоз (харидор) устидан устун келганингизни ғалаба сифатида нишонладингизми? Демак, сиз банкротлик томон дадил қадамлар билан бормоқдасиз. Мижоз (харидор) сизнинг корхонангизни ёмон таассуротлар билан тарк этгач, эртага эшигингиздан яна кулиб кириб келмаслиги аниқ. Чунки атрофда Сизнинг дўконингиз каби, балки ундан афзалроқ бўлган дўконлар юзлаб топилади. Буни рақобат деб қўйибди.

Бугун давлат ва Ҳукумат Сизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, фаолиятингизни ривожлантиришингиз учун шароит яратиб беришга интилаётгани сир эмас. Чунки Сиз қўшимча иш ўринлари яратиб, одамларни иш билан таъминлаяпсиз, қўлингизда ишловчи одамларнинг уйларидаги қора қозони қайнаб турибди, солиқлар тўлаб, давлатимиз бюджетининг даромад қисмини тўлдиряпсиз. Бироқ, Сизга жарақ-жарақ пуллар қаердан келяпти, даромадингиз манбаи ким? Албатта, истеъмолчилар. Дунёда, биринчи навбатда, ривожланган мамлакатларда “Истеъмолчи (мижоз) ҳамиша ҳақ” деган сермаъно тамойил бежиз амалиётга киритилмаган.

Ғайрат МАМАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 
Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси ўринбосари