Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъмол маҳсулотларининг ҳам контрафакт нусхалари кўпайиб кетди
17:38 / 2021-05-28

Ҳозир республикамизнинг қаерига борманг, музқаймоқ сотилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Интеллектуал мулк агентлигидан маълум қилишича, сўнгги пайтларда ушбу халқ ишончига кирган, севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг ҳам контрафакт нусхалари кўпайиб кетди. Қаерга қараманг, «уддабурон тадбиркорлар» томонидан гўёки самолёт орқали Андижондан олиб келинган, деган ёлғон маълумот билан «Андижон музқаймоғи» номи остида сифатсиз маҳсулот сотилмоқда.

 Ушбу ҳолатлар агентлик томонидан бефарқ қолдирилмади. Жорий йилнинг 24 май куни агентликнинг Андижон вилоят Интеллектуал мулк ҳимояси маркази ходимлари томонидан «Андижон музқаймоғи»ни ишлаб чиқарувчи Ҳ.Мадраҳимовнинг уйига борилиб, унга ишлаб чиқараётган маҳсулотига товар белгисини олиши лозимлиги, ўз брендини расмийлаштириши «Андижон музқаймоғи»нинг умрини узайтириши, контрафакт нусхалари таъсирида асл маҳсулотга ҳам ишонч йўқолиши, бозорининг касодга учраши эҳтимоллиги ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

 Натижада Ҳ.Мадраҳимов томонидан «Андижон музқаймоғи» товар белгисини бренд сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Агентликка талабнома топширилган.

Хўш, маҳсулотни бренд сифатида рўйхатдан ўтказишда қандай зарурат бор? Айни кунларда «Андижон музқаймоғи»ни халқ севиб истеъмол қилаётгани боис, харидоргир маҳсулот номидан фойдаланган ҳолда сифатсиз, таъми аслига ўхшамаган аммо номланиши бир хил контрафакт музқаймоқларнинг турлари кўпайиб, бозорларда сотилмоқда.

 Табиийки, бу каби сифатсиз маҳсулотни харид қилган истеъмолчи контрафакт маҳсулот сотиб олганини билмайди ва унинг сифатсиз таъмини сезиб, бу музқаймоқни бошқа истеъмол қилмайди.

Қарабсизки, асл маҳсулотга бўлган талаб аста-секин пасая бошлайди. Натижада асл маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркорнинг фаолиятига зарар етади.

 Музқаймоқ айнан Андижонда тайёрлангани ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, бренд сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда. Биринчидан, товар номини муҳофазалаш орқали тадбиркорлар ўз маҳсулотларидан бошқаларнинг рухсатсиз фойдаланиши ҳамда сохта ёки контрафакт нусхалари пайдо бўлишидан ҳимоя қилинса, иккинчидан, брендни ривожлантириш орқали товарнинг қиймати ошади, қўшимча даромад олишига ва ўз фаолиятини янада кенгайтиришига сабаб бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, агентлик бу каби маҳаллий брендларнинг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва брендларнинг контрафакт нусхалари кўпайишига қарши жадал кураш олиб боради ҳамда уларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлайди.

 Шу боис, эндиликда «Андижон музқаймоғи» ҳам давлат муҳофазасига олинади ҳамда Агентлик ва унинг ҳудудий марказлари «Андижон музқаймоғи» брендининг муҳофаза қилинишини таъминлайди.

 ЎзА