Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъдодни намоён этишга имконият
18:25 / 2025-11-06

Умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфлари ва уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган “Сен истеъдодлисан!” республика танловининг Самарқанд вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Низомга мувофиқ, уч босқичли “Сен истеъдодлисан!” танлови умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфлари ва уйда якка тартибда таълим олаётган 3- синфдан 10- синфгача бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказилмоқда. Иштирокчилар эстрада вокал (анъанавий ижрочилик) ҳамда тасвирий санъат йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

[gallery-26108]

“Мен ҳам шу Ватаннинг бир бўлагиман” шиори остида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичи туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар орасидан республика босқичида вилоят номидан қатнашадиган муносиб номзодларни саралаш имконини берди.  

– Қалам тутишни ўрганган кунимдан  турли мавзуларда суратлар чизаман, – дейди Каттақўрғон шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Машҳура Абдумаликова. – Турли танловларда қатнашиб, совриндор бўлган тенгқурларимни кўриб, эшитиб, менда ҳам ана шундай танловларда қатнашиш истаги пайдо бўлганди. Бугун ана шу орзуларим рўёбга чиқиб ўз иқтидоримни синовдан ўтказдим. Санъат кишига ўзига хос руҳий озуқа берса, бу каби танловлар ўзига ишончни мустаҳкамларкан. Танловда қатнашганимдан хурсандман.

Танловнинг вилоят босқичи ғолиблари Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан муносиб тақдирланди. Низомга мувофиқ, танловнинг учинчи – республика босқичи ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари