Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъдодли шоирнинг ижоди ва хотираси қалбларда доим яшайди
10:43 / 2025-05-16

Ўзбек халқининг истеъдодли шоирларидан бири Чори Авазни қўшни мамлакатларда ҳам яхши билади. Шеърларини севиб ўқишади.

Бу фикрлар Шарқий Қозоғистон вилоят кутубхонасида ташкил этилган адабий-маърифий кечада алоҳида таъкидланди.

Тадбирда ўзбекистонлик адабиётшунослар, таниқли журналистлар, шунингдек, шоирнинг рафиқаси, шоира Зебо Омонова ҳамда қизи Гули Нигор Авазова меҳмон бўлди.

Кутубхона директори Назимгул Эрназар қизи, шоир Аскерхон Актай ҳамда адабиёт ихлосмандлари Чори Аваз ижодий фаолиятига алоҳида тўхталди. Унинг қисқа, лекин мазмунли умр йўли ҳақида сўз борди.

Дарҳақиқат, шоир узоқ яшамади. Ўттиз беш йиллик умр йўли давомида қимматли асарлар яратди. “Тортилган камон”, “Куз эртаси”, “Уйғонишдан ўзга толе излама”, “Сайланма”, болаларга атаб “Бир дунё савол”, “Мен ҳам битта Ўзбекистонман” деб номланган шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандлари қалбидан жой олган.

Уни кўпчилик таржимон сифатида ҳам яхши билади. Чори Аваз Поляк ёзувчиси Минковскийнинг “Бақалоқ” қиссасини, япон ёзувчиси Рюноске Акутагаванинг “Қоронғиликдаги суҳбат”, “Пигмей сўзлари” асарларини, Исикава Такубокунинг “Танкалар”и ҳамда фин халқ эпоси “Калевала” достони, Котиб Ёсиннинг “Гриф” асарларининг она тилимизга таржимони ҳам саналади.

Шоир шеърларидан ўқилган намуналар ҳамда бадиий чиқишлар тадбирга янада файз бағишлади.

И.Аввалбоев, ЎзА