2024 йил– Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили
Ота-онаси уни Бухоро шаҳридаги “Нафис” гимнастика спорт саройига олиб борганида у беш ёшли синчалакдек қизалоқ эди. Аввалига бироз қийналган Машҳура тенгдош қизларга ҳавас қилиб, машғулотларга қатнай бошлади. У мураббийлар берган топшириқларга сўзсиз амал қилишга ҳаракат қилди, спорт интизомини ўрганди.
Ҳар қандай истеъдод боғбон гулга шакл бергани каби устоз парваришига, тарбиясига муҳтож. Кўплаб истеъдодларни юзага чиқарган таниқли мураббийлар – Римма Хохлова ва Зарема Денислямовалар қўл остида шуғулланган қиз қисқа фурсатларда ўзини намоён қила бошлади. Илк мусобақадаёқ, яъни гимнастика бўйича вилоят кубогида фахрли учинчи ўринни қўлга киритгани унинг ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Ахир, энг сара спортчилар баҳслашадиган мусобақада илк маротаба қатнашиб, ундан натижа билан қайтиш камдан-кам спортчига насиб этарди-да! Шундан сўнг у бирин-кетин муваффақият пиллапоялари сари кўтарила бошлади.

Ўтган давр мобайнида саксонга яқин мусобақада иштирок этиб, совринли ўринларни банд этди. Сўнгги натижалари: бадиий гимнастика спорт тури бўйича катталар ўртасида Наманган вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида жамоавий курашда 3-ўринни, 2005 йилда туғилганлар ўртасида ўтказилган Бухоро вилояти кубоги мусобақасида фахрли 2-ўринни эгаллади.
–Спортда мувозанатни сақлаш мураккаб жараён, –дейди мураббий Римма Хохлова. –Яъни ҳамма ҳам бу соҳада олис марраларни кўзлай олмайди. Бир-икки натижадан кейин бори билан қаноатланиб қоладиган ёки кичик бир муваффақиятсизликдан дили сиёҳ бўлиб спортни ташлаб кетадиганлар ҳам бор. Машҳура Юсупова эса ҳануз юксак марраларни кўзлашдан тўхтагани йўқ.
Машҳура Бухоро шаҳридаги 29-математика фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида аъло баҳоларда ўқиган. Турли фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ҳам яхши натижаларга эришиб, устозларини хурсанд қиларди. Тадбирлар, спорт мусобакалари эса унинг иштирокисиз ўтмаган.

Машҳура Юсупова спорт усталигига номзод. Юзга яқин медаллар ва дипломлар соҳибаси.
Айни пайтда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2-босқич талабаси.
М.Юсупова ўзининг намунали хулқи, яхши баҳога ўқиши, дарсларни ва ўқув- амалий машғулотларини ўз вақтида ўзлаштириши билан сабоқдошларига ўрнак бўлиб келаётир. У университетда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий тадбирларда, спорт мусобақаларида, шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларда ўзининг илмий ишлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Mашҳуранинг охирги уч йиллик фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг ўз устида тинмай ишлашининг гувоҳи бўласиз. Ундан янада кўплаб ютуқларни кутишга ҳақлимиз.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари