Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида энг фаол маданият ва санъат ходимларини саралаш бўйича “Эътироф – 2022” танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир маданият ва санъат соҳасида фаолият олиб бораётган соҳа вакилларини рағбатлантириш, уларни муносиб тақдирлаш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида барча соҳалар каби маънавий ҳаётимизга доир муҳим вазифалар белгилаб берилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, зиёлилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам устувор йўналишлардан бири. Мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар қамрови кенгайиб бораётгани диққатга сазовордир.

“Эътироф” мукофоти санъатнинг турли йўналишларида самарали фаолият кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда “Йил фольклор жамоаси”, “Йил бахшиси”, “Йил бадиий жамоаси”, “Йил маданият маркази ходими”, “Йил кутубхоначиси”, “Вазирликнинг фаол бошқармаси”, “Йилнинг ҳудудий маданият бошқармаси”, “Йил актёри”, “Йил режиссёри”, “Йил спектакли” ва яна бошқа кўплаб номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди. Эътиборга молик жиҳати, бу йил цирк артистлари ва ёш ижодкорлар меҳнатини эътироф этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.
Санъат усталари ва ижодкор ёшлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА