Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъдодини дунё тан олган 15 ёшли Асадбек
12:52 / 2021-08-15

Замонамизнинг ёш қаҳрамонлари

Ёшлар – мамлакат эртаси ва жамият келажагини белгиловчи кучдир. Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшлар сиёсатига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунга жавобан эса бугунги кун ёшлари ҳар соҳада ўзини намоён этаётир.

Билими, истеъдоди ва салоҳияти билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшларни чин маънода замонамиз қаҳрамонлари, дейиш мумкин. Сурхондарёлик Асадбек Аюбжонов ана шундай ёш истеъдодлардан.

Асадбек скрипка ва дирижёрлик билан шуғулланади. Айни пайтда В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси. Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Владимир Неймердан санъат сирларини пухта ўрганиб келмоқда.

Германия элчихонаси вакиллари иштирокидаги катта концертда саҳнага чиққанида ёш қаҳрамонимиз эндигина 7 ёшга тўлган эди. Кейинроқ Асадбек россиялик дирижёр, скрипкачи Владимир Спиваков эътиборига тушади. 2015 йил, яъни 8 ёшида В.Спиваков таклифига биноан “Москва дўстларни чорлайди” фестивалининг очилиш маросимида “Виртуозы Москвы” оркестрига,  шу йили Москвадаги П.И.Чайковский залида “Дунё ёшлари урушга қарши”  хайрия концертида Россия мудофаа вазирлигига қарашли симфоник оркестрига,  2018-2019 йилларда Россиянинг Волга бўйи шаҳарларида ўтган “Open Fest” (“Мусиқа чегара билмас”) халқаро мусиқа фестивалида 10 га яқин мамлакатлардан келган талабалардан тузилган симфоник оркестрга ва Самара филармонияси симфоник оркестрига дирижёрлик қилди. Шу билан бирга мамлакатимиз ҳамда Италия, Грузия, Туркия каби қатор давлатларда ўтказилаётган халқаро танловларда юқори натижа кўрсатиб келмоқда. Юртимиз мактаб дарсликларида у ҳақида маълумотлар ўрин олган.

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарори билан Асадбек Аюбжонов Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва унинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонлар қаторида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот ёш Асадбекни янада улкан мақсадлар сари парвозга чорлаши, шубҳасиз.

[gallery-3419]

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА