Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Истеъдодга берилган ишонч самараси
17:52 / 2026-02-19

ФОТОРЕПОРТАЖ

ЎзАнинг “Зулфияхоним издошлари” лойиҳаси доирасида ёшликдаёқ юксак эътирофга сазовор бўлган, бугун эса ўз соҳасида етакчи мутахассис ва жамоат арбоби сифатида самарали фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳаёти ва меҳнат йўли кенг ёритилмоқда.

Шундай иқтидор соҳибаларидан бири — композитор, профессор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ойдин Абдуллаевадир.

У 2000 йилда санъат соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Бу эътироф ёш ижодкорнинг истеъдоди ва салоҳиятини муносиб баҳолаш билан бирга, унинг кейинги фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Ойдин Абдуллаева Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида таҳсил олган. Кейинчалик Ўзбекистон давлат консерваториясини муваффақиятли тамомлаб, композитор мутахассислигини эгаллади. Ассистентура-стажировка босқичини ҳам шу даргоҳда ўтаб, илмий-ижодий изланишларини изчил давом эттирди.

[gallery-27752]

1998 йилдан буён у Ўзбекистон давлат консерваториясида педагогик фаолият олиб бормоқда. 2009 йилда “Доцент”, 2018 йилда “Профессор” илмий унвонларига сазовор бўлди. У 3 та дарслик, 3 та ўқув қўлланма, 1 та мусиқий-ижодий-оммабоп нашр ҳамда 300 дан ортиқ илмий мақола муаллифи сифатида миллий мусиқа таълими ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

2021 йилда унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан юксак баҳоланиб, «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Унинг фаолияти ижод ва таълим билан чекланиб қолмайди. Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида самарали иш олиб борди. 2024 йилдан буён эса мазкур палатада Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда.

“Зулфияхоним издошлари” лойиҳасининг асосий мақсади — ёшликда эътироф этилган истеъдод эгаларининг бугунги ютуқлари ва Ватан тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ёритишдир. Ойдин Абдуллаева мисолида истеъдод, изланиш ва фидойилик уйғунлашган шахс тимсоли намоён бўлади.

Ёшликдаги юксак эътироф унинг ҳаётида муҳим босқич бўлган бўлса, бугунги фаолияти ана шу ишончни оқлаш, юрт равнақи ва ёшлар камолоти йўлида хизмат қилишга қаратилган.

Камола Юсупова, ЎзА